Ўзбекистон экологик экспертиза шаффофлигини оширишда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича ёндашувларни тақдим этди
Женева шаҳридаги Миллатлар саройида бўлиб ўтаётган Орхус конвенцияси Томонлари ишчи гуруҳининг 30-йиғилиши доирасида Ўзбекистон экологик бошқарув соҳасида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш бўйича ўз тажрибасини халқаро ҳамжамиятга тақдим этди.
Тадбирда Давлат экологик экспертиза маркази мутахассислари томонидан мамлакатимизда экологик ахборотдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, қарор қабул қилиш жараёнларида жамоатчилик иштирокини таъминлаш ҳамда экологик бошқарув тизимини рақамлаштиришга қаратилган ташаббуслар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланишича, сунъий интеллект технологиялари экологик маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва тарқатиш жараёнларини сезиларли даражада такомиллаштириш имконини беради. Хусусан, улар лойиҳа ҳужжатларини тезкор таҳлил қилиш, камчиликларни аниқлаш, экологик хавфларни баҳолаш ва эксперт хулосаларининг асослилигини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, Давлат экологик экспертиза маркази ҳамда Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш бўйича халқаро ассоциациянинг (IAIA) Италиядаги ҳамкор тузилмаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжат миллий экологик баҳолаш тизимига замонавий рақамли ечимлар ва сунъий интеллект технологияларини жорий этишни назарда тутади.
Меморандум доирасида сунъий интеллект воситаларини марказнинг рақамли тизимига интеграция қилиш, пилот лойиҳаларни амалга ошириш, миллий методология ва амалий қўлланмалар ишлаб чиқиш, шунингдек, мутахассислар учун халқаро тренинг ва малака ошириш дастурларини ташкил этиш режалаштирилган.
Мутахассислар фикрича, рақамли технологияларни жорий этиш алгоритмлар шаффофлигини таъминлаш, маълумотларни текшириш имкониятини сақлаб қолиш ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.
Саноат, энергетика, қурилиш ва инфратузилма лойиҳалари сони ортиб бораётган бугунги шароитда мазкур ташаббус Ўзбекистон учун алоҳида аҳамият касб этмоқда. Замонавий технологиялар йирик саноат, тоғ-кон, гидротехника ва энергетика объектларига оид лойиҳаларни кўриб чиқиш сифати ва самарадорлигини янада ошириш имконини яратади.
Ўзбекистоннинг мазкур йиғилишдаги иштироки мамлакатнинг очиқлик, ҳисобдорлик ва экологик аҳамиятга эга қарорларни қабул қилишда жамоатчилик иштирокини таъминлаш тамойилларига содиқлигини яна бир бор намоён этди. Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш нафақат давлат экологик экспертизаси самарадорлигини оширади, балки жамиятнинг экологик ислоҳотларга бўлган ишончини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА