“Ўзбекистон эҳтироми” ордени таъсис этилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон эҳтироми” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасининг очиқ, прагматик ва ўзаро манфаатли ташқи сиёсати натижасида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари изчил кенгайиб бормоқда. Мамлакатимизнинг хорижий давлатлар билан стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этиш, йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, савдо алоқаларини ривожлантириш ҳамда халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишончни кучайтириш борасида тарихий натижаларга эришилмоқда.
Мазкур жараёнларда хорижий давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, давлат ва жамоат арбоблари, дипломатик корпус вакиллари, йирик компаниялар раҳбарлари ҳамда бошқа хорижий ҳамкорларнинг шахсий ташаббуслари ва амалий ҳиссаси муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси билан стратегик шериклик муносабатларини янги босқичга олиб чиқиш, халқаро ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш, йирик иқтисодий ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда алоҳида хизмат кўрсатган хорижий шахсларни муносиб тақдирлашнинг ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш зарурати мавжуд.
Шу муносабат билан Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Ўзбекистон Республикаси олдидаги алоҳида хизматларни эътироф этишга, чет эл давлатлар фуқароларини мукофотлашга қаратилган янги давлат мукофоти — “Ўзбекистон эҳтироми” орденини таъсис этиш тўғрисида қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Лойиҳага кўра, мазкур орден икки даражада бўлиб, “Олий даражали Ўзбекистон эҳтироми” ордени билан Ўзбекистон Республикаси билан ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини барқарор ривожлантиришда, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалаларни ҳал қилишда юксак ирода намоён этган, тинчлик, хавфсизлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга ҳисса қўшган, маданий ва иқтисодий дипломатия орқали халқлар ўртасидаги яқинлик ва бирдамликни таъминлаш, хорижий ҳамкорлар билан савдо алоқаларни кенгайтиришда катта натижаларни қўлга киритган ҳамда Ўзбекистон Республикаси олдидаги алоҳида эътироф этилган юксак хизматлари учун хорижий давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамда хорижий давлатларнинг атоқли давлат ва жамоат арбоблари мукофотланади.
Шунингдек, “Ўзбекистон эҳтироми” ордени билан Ўзбекистон Республикаси халқининг юксак ҳурмат ва эътирофи рамзи сифатида мамлакатимиз манфаатларини халқаро майдонда илгари суриш, Ўзбекистон Республикаси билан ҳар томонлама ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, тинчлик, барқарорлик ва ўзаро ишончни таъминлашга қўшган салмоқли ҳиссаси, шунингдек, давлат ва жамият ривожига хизмат қилган алоҳида хизматлари учун хорижий давлат ва жамоат арбоблари, йирик компаниялар раҳбарлари, хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчилари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари ҳамда инсонпарварлик ва хайрия фаолияти билан давлат ва жамият манфаатлари учун салмоқли ҳисса қўшган хорижий давлатлар фуқаролари мукофотланади.
Мазкур орденнинг таъсис этилиши хорижий ҳамкорларнинг Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантиришга қўшган ҳиссасини муносиб эътироф этиш, давлатлараро дўстлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
М.Комилова, ЎзА