Ўзбекистон делегацияси Беларусда экологик тажриба алмашди
Ўзбекистонлик эколог-экспертлар Беларусда малака ошириш курсларини муваффақиятли якунлади
Беларусь Республикасида бўлиб ўтган хизмат сафари доирасида Давлат экологик экспертизаси маркази делегацияси учун экологик экспертиза ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қатор учрашувлар ҳамда амалий тадбирлар ташкил этилди.
Малака ошириш дастури якунида Беларусь Давлат экологик экспертизаси, кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш республика маркази томонидан Ўзбекистон делегацияси вакилларига махсус сертификат топширилди.
Тадбир давомида марказ директори Татьяна Дубик қатнашчиларнинг фаол иштироки, профессионал мулоқотга очиқлиги ва халқаро ҳамкорликка бўлган қизиқишини юқори баҳолади. Шунингдек, у келгусида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Қайд этилишича, дастур мобайнида орттирилган билим ва амалий тажриба келгусида қўшма экологик лойиҳаларни амалга ошириш, соҳадаги замонавий ёндашувларни жорий этиш ҳамда мутахассислар салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА