Ўзбекистон делегацияси Америкада
Ўзбекистон тўқимачилик саноати халқаро бозорда ўз мавқеини мустаҳкамлаш ва янги экспорт имкониятларини очиш йўлида яна бир муҳим қадам ташлади. Яъни, жорий йилнинг 23-25 июль кунлари Нью-Йорк шаҳрида "Texworld New York City" халқаро кўргазмасида мамлакатимиз делегацияси иштирок этади.
Шу мақсадда бугун Савдо-саноат палатаси ҳамда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раҳбарияти бошчилигидаги тўқимачилик корхоналари ва бизнес вакиллари АҚШга ташриф буюрди.
Таъкидлаш керакки, "Texworld New York City" жаҳон тўқимачилик саноатининг энг нуфузли анжуманларидан бири ҳисобланиб, у дунё бўйлаб етакчи ишлаб чиқарувчилар, брендлар, дизайнерлар ва харидорларни бирлаштиради. Ушбу кўргазмада иштирок этиш орқали Ўзбекистон корхоналари ўз маҳсулотларини халқаро бозорга чиқариш, инвестициявий ҳамкорлар топиш ва замонавий технологиялар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлмоқда.
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси бошқарма бошлиғи Маҳбуба Султонованинг таъкидлашича, бугун ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари жаҳон бозорида тобора катта эътибор қозонмоқда.
– Нью-Йоркдаги кўргазмада иштирок этиш эса маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз учун улкан имкониятдир. Бу нафақат маҳсулотларимизни намойиш этиш, балки америкалик ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш, инвесторларни жалб қилиш ва экспорт ҳажмини ошириш имконини беради.
Кўргазмада Ўзбекистоннинг турли тўқимачилик компаниялари ўз маҳсулотлари, яъни хом матолар, тайёр кийим-кечаклар, трикотаж маҳсулотлари ва аксессуарлар билан иштирок этмоқда. Маҳсулотлар таркибида экологик тозалик, сифат ва замонавий дизайнга алоҳида эътибор қаратилган. АҚШ бозорида тўқимачилик маҳсулотларимизга қизиқиш ортиб бораётгани қувонарли ҳолат. Биз бу имкониятдан самарали фойдаланиб, ўз брендимизни халқаро даражада мустаҳкамлашни мақсад қилганмиз, – деди М.Султонова.
Ушбу халқаро тадбир доирасида бир қатор бизнес учрашувлар ва музокаралар ҳам режалаштирилган.
"Texworld New York City" кўргазмасидаги иштирок Ўзбекистоннинг тўқимачилик салоҳиятини жаҳонга яна бир бор намоён этиш, янги экспорт шартномаларига замин яратиш ва мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА