Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Краснодарда ҳамкорлик шартномасини имзолайди
Ўзбекистон санъат вакиллари Россия Федерациясининг Краснодар шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар миллий мусиқасига бағишланган I Халқаро "Оҳанглар маржони" талабалар фестивалида иштирок этмоқда.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалари иштирок этаётган мазкур халқаро фестивалда нафақат миллий санъатимизни намоён қилиш, балки таълим йўналишида ҳам алоқаларни ривожлантириш кўзда тутилган. Хусусан, фестиваль доирасида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамда Краснодар давлат маданият институти ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолаш масаласи ҳам режалаштирилган.

Ушбу ташаббус икки олий таълим муассасаси ўртасида таълим, илм-фан ва маданият йўналишларидаги алоқаларни ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар яратишга қаратилган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Сайфулла Икрамов халқаро фестивалда иштирок этиш, шунингдек, ҳамкорлик шартномасини имзолаш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш мақсадида Краснодар давлат маданият институтида бўлиб турибди.
Мазкур ташриф ва режалаштирилган ҳамкорлик шартномаси институтнинг халқаро алоқаларини мустаҳкамлаш, миллий санъатимиз ва маданиятимизни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш ҳамда икки томонлама академик ва ижодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА