Ўзбекистон – Болгария: Вақт синовидан ўтган дўстлик ва стратегик шериклик
Кеча ҳақиқатда ажойиб воқеа бўлди. Марказий Осиёдаги етакчи давлат ахборот агентлиги ҳисобланмиш Ўзбекистон Миллий ахборот агенлиги – ЎзА ва Европа минтақасининг жануби-шарқий қисмида жойлашган Болгариянинг БТА ахборот агентлиги ўртасида ахборот алмашиш соҳасида меморандум имзоланди.
Мамлакатларимиз географик жиҳатдан бир-биридан узоқ бўлса-да, халқларимизни боғлаб турувчи маданий-тарихий ришталар, ўзаро ҳурмат ва ҳамкорликка бўлган интилиш бизни жуда яқин қилади. Муштарак мақсадлар йўлида қўйилган ушбу қадам масофаларни қисқартириб, янги имкониятлар эшигини очади.
Мазкур ҳужжат шунчаки расмий келишув эмас, балки икки минтақа ўртасидаги ахборот кўпригининг мустаҳкам пойдеворидир. Эндиликда, Ўзбекистон ва Болгария ҳаётидаги энг муҳим янгиликлар, маданий ва иқтисодий воқеалар воситачиларсиз, холис ва тезкорлик билан икки мамлакат аудиториясига етказилади. Қолаверса, бугунги глобаллашув ва сохта хабарлар (fake news) кўпайган даврда, икки етакчи миллий агентликнинг ҳамкорлиги фақатгина расмий ва ишончли маълумотлар тарқалишини таъминлайди.
Халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада жонлантириш учун атоқли болгар шоири ва ёзувчиси Иван Вазовнинг дўстлик ҳамда инсоний ришталар ҳақидаги қуйидаги чуқур маъноли мисралари жуда мос келади:
“Дўстлик – бу шундай бир муқаддас туйғуки, у масофаларни йўққа чиқаради, юракларни бирлаштиради ва энг оғир йўлларни ҳам ёруғ қилади. Ҳақиқий дўстлик бор жойда ҳеч қачон бегоналар бўлмайди”.
Қайд этиш жоизки, Буюк Ипак йўли асрлар давомида Шарқ ва Ғарб цивилизацияларини бир-бирига боғлаб келган ноёб тарихий кўприк вазифасини ўтаган. Бу қадимий савдо ва маданий мулоқот йўли орқали халқлар нафақат маҳсулот, балки билим, маданият, анъана ва ғояларни ҳам ўзаро баҳам кўрган. Марказий Осиё юрагида жойлашган Ўзбекистон ҳамда Европанинг муҳим давлатларидан бири – Болгария ўртасидаги муносабат ана шу тарихий мулоқот руҳининг замонавий давомидир.
Бугунги мураккаб ва тез ўзгараётган халқаро вазиятда мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамлиги нафақат иқтисодий манфаат, балки ўзаро ишонч, сиёсий мулоқот ва миллатлар ўртасидаги маънавий яқинлик билан ҳам белгиланади. Ўзбекистон ва Болгария алоқалари айнан шу жиҳати билан ажралиб туради.
Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб Ўзбекистон ва Болгария сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда мустаҳкам шериклик ўрнатишга алоҳида эътибор қаратди. Ўтган ўттиз йилдан зиёд вақт мобайнида юқори даражадаги ташрифлар, кўплаб икки томонлама келишувлар, парламентлараро мулоқот, бизнес форумлар, маданий тадбирлар ўзаро муносабат барқарор ривожланишига хизмат қилди.
Айниқса, кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати Европа давлатлари билан ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратмоқда. Болгария эса Европа Иттифоқи аъзоси сифатида Марказий Осиё билан муносабатни изчил кенгайтиришга алоҳида аҳамият қаратяпти.
Ўзбекистон – Болгария ҳамкорлиги тарихига назар ташлар эканмиз, ушбу муносабатлар негизида нафақат давлатлар ўртасидаги расмий дипломатик алоқа, балки халқлар ўртасидаги самимий дўстлик, маданий яқинлик ва ўзаро англашув каби муҳим омиллар мужассамлигини кўрамиз.
Мустаҳкам сиёсий-дипломатик асос
Ўзбекистон – Болгария муносабатлари чуқур тарихий илдизларга эга. Экспертлар фикрича, болгарларнинг қадимий аждодлари ва замонавий Ўзбекистон ҳудудидаги ота-боболаримиз ўртасидаги алоқалар Буюк ипак йўли давридан бошланган. Миграция, савдо ва маданий ришталар билан уйғун бундай яқинлик ўзаро манфаатдорлик ва ҳурматга асосланган.
Замонавий алоқалар тарихи эса Болгария Республикаси Ўзбекистон мустақиллигини 1992 йил 6 январда тан олиши билан бошланган. Кўп ўтмай, ўша йил 12 сентябрда давлатларимиз ўртасида расмий дипломатик алоқа ўрнатилди. Муносабатлар тизимли ва узлуксиз тус олишини таъминлаш мақсадида 1999 йил апрель ойидан буён Тошкентда Болгария элчихонаси фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўзбекистоннинг Болгариядаги элчиси қароргоҳи эса Анқара шаҳрида жойлашган бўлиб, икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим кўприк вазифасини ўтамоқда.
Таъкидлаш керак, икки давлат ўртасида яратилган мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий асос жами 38 муҳим ҳужжатни ўз ичига олади. Ушбу халқаро-ҳуқуқий база сиёсий, иқтисодий, савдо ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг қонуний пойдеворидир.
Олий ва юқори даражадаги ташрифлар: сиёсий мулоқотнинг юқори суръати
Ўзбекистон – Болгария муносабатларининг муҳим хусусияти шундаки, икки мамлакат ўртасидаги сиёсий мулоқот мунтазам юқори ва олий даражадаги учрашувлар билан мустаҳкамланмоқда.
Сўнгги йилларда давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги мулоқот халқаро майдонда изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 20 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессияси доирасида Болгария етакчиси билан учрашиб, икки томонлама алоқаларни тубдан фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Ҳукуматлараро даражадаги алоқалар ҳам юқори суръатга эга. 2014 йил 6-9 апрель кунлари Болгария Бош вазири П.Орешарский Вьетнамга сафари чоғида Самарқанд аэропортида техник қўниб ўтди ва унга Бош вазирнинг 1-ўринбосари даражасида юксак протокол эътибори кўрсатилди.
2025 йил 9-11 июнь кунлари Болгария раҳбарининг юртимизга ташрифи чоғида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида, жумладан, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2026-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ҳамда Тошкент ва София шаҳарлари ўртасида шериклик ўрнатиш тўғрисидаги битим алмашилди.
Болгария БМТ ва ЕХҲТ доирасида Ўзбекистоннинг Марказий Осиёни барқарор ривожлантириш ва минтақавий хавфсизликни таъминлашга қаратилган ташаббусларини маъқуллаб келмоқда. Шунингдек, “Янги Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш йўлидаги саъй-ҳаракатини юқори баҳолайди.
Парламентлараро ва идоралараро ҳамкорлик
Парламентлараро алоқалар ҳам изчил ривожланмоқда. Болгария парламентида “Болгария-Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи фаолият кўрсатяпти. Олий Мажлис палаталари қўшма қарори асосида Халқ мажлиси билан ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Болгария парламентлараро гуруҳи ташкил этилган.
Ушбу ҳамкорлик доирасида ўзаро ташрифлар амалга оширилмоқда. Бевосита учрашувлар сўнгги йилларда янада фаоллашди. 2018 йил июль ойида “Болгария-Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи раиси Адлен Шевкед бошчилигидаги делегация юртимизда бўлди. Ноябрь ойида Ўзбекистон-Болгария парламентлараро гуруҳи делегациясининг жавоб ташрифида Халқ мажлиси раҳбарияти, Ташқи ишлар, Иқтисодиёт ва туризм вазирликлари вакиллари, Пловдив ва Каржали шаҳарлари мэрлари билан учрашувлар ўтказилди.
2021 йил декабрь ойида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева София шаҳрида бўлиб ўтган “Демографик ўзгаришлар шароитида жамиятни ривожлантириш йўллари” мавзусидаги юқори даражали вазирлар конференцияси иштирокчиларига видеомурожаат йўллади.
Икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари мунтазам алоқани давом эттирмоқда. Жумладан, ўзаро маслаҳатлашув давомида нафақат икки томонлама муаммолар, балки долзарб халқаро кун тартиби, жумладан иқлим, рақамли трансформация, нохолис ахборотга қарши курашиш ва инсон ҳуқуқи билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилинмоқда.
2023 йил 23 октябрь куни Люксембургда бўлиб ўтган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” вазирлари 19-учрашувида мамлакатимиз ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов Болгария Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири Мария Габриэль билан учрашди.
Халқаро минбарлардаги ҳамкорлик хусусида гапирганда, Ўзбекистон томони Болгария вакиласи Ирина Бокова номзодини икки бор, 2009-2013, 2013-2017 йилларда ЮНЕСКО Бош директорлигига фаол маъқуллаганини алоҳида қайд этиш лозим.
Иқтисодий шериклик: Инвестиция ва савдо уфқлари
Мамлакатларимиз инвестиция салоҳияти шериклик нуқтаи назаридан тобора жозибадор тус олмоқда. Республикамизда иқтисодиётни либераллаштириш, эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнесни фаол қўллаб-қувватлаш бунга мустаҳкам замин яратмоқда.
Ҳар икки давлат транспорт-логистика соҳасидаги алоқалар, айниқса Ўзбекистонни Қора денгиз портлари билан Кавказ орқали боғлайдиган Транскаспий халқаро транспорт йўналиши нуқтаи назаридан ривожлантиришдан манфаатдор. Ривожланган инфратузилма ва логистика марказларига эга Болгария Марказий Осиё ҳамда ЕИ ўртасида транзит йўлаги вазифасини бажара олади.
Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия 5-йиғилиши 2019 йил 11-12 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди. Фаол саъй-ҳаракатлар натижасида ўзаро савдо айланмаси изчил ўсиб, 2025 йил якунида 94 миллион долларни ташкил этди. Албатта, бу кўрсаткич икки давлат иқтисодий салоҳиятини тўлиқ акс эттирмайди. Яъни, транспорт-логистика, фармацевтика, озиқ-овқат саноати, тўқимачилик, кимё саноати ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш учун кенг имконият мавжуд.
Айтиш керакки, бугунги кунда Ўзбекистонда Болгария сармоядорлари иштирокида 30 га яқин корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. Айниқса, “Приста Ойл”, “Бултекс”, “Прима текстиль”, “Болгария-Шароб” ва “Росси” каби компаниялар ўзбек бозорида ўз ўрнига эга бўлиб, мамлакатларимиз ўртасидаги саноат ва кооперация алоқаларини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Қолаверса, Болгариянинг Европа Иттифоқига аъзо давлат сифатидаги тажрибаси Ўзбекистон учун Европа бозорларига чиқиш, техник стандарт ва инновацион бошқарув моделларини жорий этиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Маданий-гуманитар алоқалар – халқларни боғловчи кўприк
Халқларимизни боғлаб турувчи маънавий ришталар икки томонлама алоқаларнинг энг гўзал саҳифасидир. Бугунги кунда Ўзбекистонда мингга яқин болгар миллатига мансуб аҳоли вакиллари ягона ва аҳил оила аъзоларидек тинч-тотув яшаб келмоқда. 1998 йил февраль ойида юртимизда “Ўзбекистон-Болгария” дўстлик жамияти таъсис этилди, 1999 йил май ойида эса Болгария маданият маркази ўз эшикларини очди. Мазкур мажмуа раҳбари Н.Тодоров икки халқ дўстлигини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун 2002 йил Ўзбекистон Республикасининг “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.
Икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар ҳам ривожланмоқда. Хусусан, қадимий ва навқирон Бухоро ҳамда Варна, афсонавий Самарқанд ва Пловдив шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилган бўлиб, бу шаҳарлар аллақачон маданий ва сайёҳлик алмашинувлари марказига айланган.
Маданият соҳасидаги ҳамкорлик халқаро миқёсда ҳам алоҳида эътирофга лойиқ. 2018 йил 23 август-3 сентябрь кунлари Болгариянинг 6 шаҳрида ўтказилган халқаро фольклор фестивалида дунёнинг 72 мамлакатидан келган 98 нуфузли жамоа орасида Ўзбекистоннинг “Мақом” ансамбли олий мукофот – Гран-при – “Олтин Орфей”ни қўлга киритгани ўзбек миллий санъатининг Болқон минтақасидаги юксак ютуғидир.
Сўнгги йилларда Тошкент ва Самарқандда болгар фильмлари намойиши, рассомлар кўргазмалари ташкил этилди. Элчихоналар ва диаспора ташкилотлари тил ўрганиш курслари очиш, мусиқий кечалар, халқларимиз маданий меросига бағишланган давра суҳбатлари ўтказиш орқали икки давлат маданиятини кенг тарғиб қилмоқда.
Таълим соҳасида Тошкент кимё-технология институти ва София кимё-технология университети, Тошкент давлат юридик институти ва София университети, Самарқанд давлат тиббиёт институти ва София тиббиёт университети ўртасида ҳамкорлик шартномалари тасдиқланган. Шунингдек, Наманган давлат университети ва Варна техника университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Болгария Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатия институти ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланган. Бундай саъй-ҳаракатлар гуманитар алоқаларни чуқурлаштириш, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш ва икки давлат ёшлари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. “Эразмус+” дастури доирасида ўзбекистонлик талабаларнинг Болгария университетлари ва Фанлар академиясида малака ошириши, амалиёт ўташи йўлга қўйилган.
Эътиборлиси, Ўзбекистон ва Болгария ўртасидаги маданий ҳамкорликнинг энг теран ва доимий қисмини шубҳасиз, адабий алоқалар ташкил этади. Тилларимиз турли оилаларга мансуб бўлса-да, икки халқ адабиётидаги инсонпарварлик ва миллий қадриятларни улуғлаш ғоялари бир-бирига жуда яқин.
Сўз санъати соҳасидаги муносабатлар ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб тизимли равишда ривожланиб, ўзбек ҳамда болгар китобхонлари бир-бирларининг дурдона асарлари билан танишиш имконига эга бўлдилар. Хусусан, болгар халқининг миллий қаҳрамони, оташнафас шоир Христо Ботевнинг эрксеварлик руҳи билан йўғрилган шеърлари ўзбек тилига таржима қилиниб, бир неча бор чоп этилган. Болгар адабиётининг яна бир мумтоз вакили Иван Вазовнинг мамлакат тарихи, халқнинг озодлик учун курашини акс эттирган машҳур “Бўйинтирув остида” романи ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилинган. Бу асар ўзбек китобхонида Болқон халқларининг ўтмиши ва руҳияти ҳақида тўлақонли тасаввур уйғотади. Қолаверса, болгар насрининг йирик вакиллари Елин Пелин ва Емилиян Станевларнинг гўзал табиат тасвири, инсоний туйғулар ва фалсафий мушоҳадаларга бой ҳикоя ва қиссалари ўзбек вақтли матбуотида ва алоҳида тўплам ҳолида ўқувчиларга тақдим этилган.
Шарқ уламолари ва мутафаккирлари қатори улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоийнинг ижоди Болгарияда илмий ва бадиий жиҳатдан чуқур ўрганиб келинмоқда. Шоир ғазалларининг болгар тилига таржималари халқларимиз ўртасидаги маънавий яқинликни кучайтиришга хизмат қилмоқда. Шунингдек, Ғафур Ғулом, Ойбек, Зулфия каби атоқли ўзбек адибларининг шеър ва достонлари, Абдулла Қодирий, Чўлпон ва кейинги давр ёзувчиларининг ҳикоялари болгар тилидаги адабий алмашинув тўпламларидан жой олган.
Хулоса
Умуман, Ўзбекистон ва Болгария ўртасидаги муносабатлар вақт синовидан ўтган, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган мустаҳкам пойдеворга эга. Марказий Осиё ва Болқон ярим оролининг геостратегик тугунларида жойлашган бу икки давлат нафақат икки томонлама, балки халқаро ташкилотлар доирасида ҳам бир-бирини изчил қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Тошкент ва София шериклигини янада чуқурлаштириш ҳар икки томоннинг узоқ муддатли миллий манфаатига тўлиқ мос келади. Томонларнинг мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланишга бўлган интилиши ва сиёсий иродаси яқин келажакда Ўзбекистон – Болгария муносабатларида янги, янада самарали саҳифа очилишидан далолат беради.
Абдусаид Кўчимов,
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори, сенатор
Кирил Валчев,
Болгариянинг БТА ахборот агентлиги Бош директори