Ўзбекистон-Беларусь: таълим соҳасида ҳамкорлик
Беларусь Республикаси таълим вазири Игор Карпенко бошчилигидаги делегация Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига ташриф буюрди.
Беларусь Миллий техника университети, Беларусь информатика ва радиоэлектроника давлат университети, Франциска Скорина номидаги Гомельск давлат университети ва бошқа олий таълим муассасалари ректор ҳамда проректорларидан иборат делегацияни Ўзбекистон Миллий университети ректори Иномжон Мажидов ва соҳа проректорлари кутиб олди.
Ректор меҳмонларни университетга ташриф буюргани билан самимий қутлаб, университет тарихи, тузилмаси ва бугунги кундаги стратегик режалари тўғрисида батафсил маълумот берди. Ўз навбатида Беларусь Республикаси таълим вазири Игор Карпенко Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимидаги узоқ йиллик ҳамкорлик, эришилган ютуқлар ва келгусида ҳамкорлик тармоқларини янада кенгайтириш йўлидаги ўзининг аниқ ва мақсадли таклифларини билдирди.
Шунингдек, И.В.Карпенко бугунги кунда Беларусь Республикаси олий таълим муассасаларида таҳсил оладиган ўзбекистонлик ёшларнинг билим олишга бўлган иштиёқи, қизиқиши ва интилишларини юксак баҳолаб рақобатбардош кадрлар тайёрлашда доимо очиқ эканлигини айтиб ўтди.

Учрашувда томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини тобора кенгайтириш, кўплаб соҳаларда шартномалар имзолаш ва уларни амалга оширишда самарали ишларни олиб бориш лозимлигини таъкидладилар.
Очиқ ва конструктив руҳда ўтган учрашувда Беларусь Миллий техника университети ва Республика касб-ҳунар таълими институти билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Унга кўра, 2021-2022 ўқув йилида «Лазер физикаси», «Материалшунослик ва материаллар технологияси» (тармоқлар бўйича) ҳамда «Қайта тикланувчи энергия манбалари ва барқарор атроф муҳит физикаси» йўналишларида 2+2 қўшма таълим дастури йўлга қўйилади.
Учрашувда Ўзбекистон ҳамда Беларусь Республикаси бир-бирига муҳим ва узоқ муддатли ҳамкор сифатида қарашини, халқаро ҳамкорликни ўзаро ишонч тамойиллари асосида кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
ЎзМУ Ахборот хизмати