“Ўзбекистон – бағрикенг диёр” номли фотокўргазма бўлиб ўтди
"Бағрикенглик ҳафталиги" доирасида Миллий маданий марказлар павильонида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” номли фотокўргазма ташкил этилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ташаббуси билан ўтказилди. Унда Қўмита раҳбарияти ва ходимлари, миллий маданий марказлар ҳамда дўстлик жамиятлари фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Фотокўргазмада юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакилларининг ҳаёти, миллий урф-одатлари, анъаналари, маданияти, санъати ва кундалик турмуш тарзини акс эттирувчи фотосуратлар намойиш этилди.

— Мазкур фотокўргазма нафақат фото санъати намуналари намойиши, балки юртимиздаги тинчлик, миллатлараро дўстлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамликнинг ёрқин ифодаси сифатида ҳам аҳамиятли. Тадбир мамлакатимизда турли миллат ва элат вакилларининг ягона Ватан равнақи йўлида ҳамжиҳатликда яшаб, меҳнат қилаётганини намоён этиш, халқимизга хос бағрикенглик ва инсонпарварлик қадриятларини кенг тарғиб этиш ҳамда миллатлараро дўстлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, — дейди Қозоқ миллий маданий маркази раҳбари Серикбой Усенов.

Кўргазмага ташриф буюрган меҳмонлар фотосуратлар орқали юртимиздаги турли миллат вакилларининг аҳил ва иноқ ҳаёти, уларнинг миллий байрамлари, санъат ва маданият соҳасидаги ютуқлари, шунингдек, мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик муҳитини ўзида мужассам этган лавҳалар билан танишиш имкониятига эга бўлди.
— Мазкур павильонни айланиб чиқиб, Ўзбекистонда яшаётган халқларнинг миллий урф-одатлари билан танишдик, янги маълумотларга эга бўлдик, — дейди Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси Миржалол Абдусалимов. — Шахсан менга кўпроқ татар халқининг миллий либослари, анъана ва қадриятлари акс этган буюмлари ёқди. Павильонда 22 та миллатнинг махсус хоналари бор экан. Хоналарга кириб, ҳар бир миллатнинг тарихи, қадриятлари ҳақида керакли маълумотлар олдик.

Шубҳасиз, бундай фотокўргазмалар жамиятимизда миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги дўстлик ришталарини янада ривожлантириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА