“Ўзбекистон-2030” стратегияси: корхоналар “Яшил иқтисодиёт”га ўтади (+видео)
Ўзбекистон дунё бозорларида ўз маҳсулотларининг экспорти ҳажмини оширишни мақсад қилар экан, албатта яшил бизнесни кенг йўлга қўйиб бунга эришиши мумкин. Бу борада “Ўзбекистон-2030“ стратегиясида: “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш, унинг асоси бўлган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кўрсаткичларини кескин ошириш кўзда тутилган. Бунда айниқса экологияга зарар етказмайдиган инфратузилмани шакллантириш ва саноат корхоналарида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, атроф-муҳитга зарарли чиқиндиларни камайтиришга алоҳида эътибор қаратади. Албатта бу йўналишда хорижий давлатларда тўпланган тажрибаларни ўрганиш ва оммавийлаштириш муҳим саналади.
Ушбу соҳада юртимизда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) кўмаги билан яшил хусусий секторни ривожлантириш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бунинг учун хорижий экспертлар томонидан экспортёр корхоналар учун жойларда семинар-тренинглар ташкил этиб келиняпти. Мақсад 2030 йилгача атмосферага чиқариладиган зарарли чиқиндилар ҳажмини 10 фоизга камайтириш ва бу борада хорижий тажрибаларни кенг ўрганишдир.
- Бизни ташкилот атроф-муҳитга саноат чиқиндиларини камайтириш, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасида катта имконият ва тажрибалар тўплаган, - дейди Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) лойиҳа менежери Игорь Ерёменко. – Ўзбекистонда яшил саноатлаштириш дастури лойиҳаси менежери сифатида айтишим мумкинки бугунги семинарда саноат корхоналари раҳбарларига “Яшил энергетика” тизимини жорий қилиш бўйича экспертлар томонидан етарлича маълумот берилди. Иштирокчилар бу борада халқаро тажрибаларни билиб олдилар, экологик тоза маҳсулотни ишлаб чиқариш бўйича етарлича маълумотга эга бўлдилар.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/G9qDiKxEVZo" title="“Oʻzbekiston-2030” strategiyasi: korxonalar “Yashil iqtisodiyot”ga oʻtadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ҳозирда ташкилотимиз республика бўйича асосан қурилиш ва тўқимачилик саноатидаги 80дан ортиқ компаниялар билан ҳамкорликда ишламоқда. Ҳар бир корхонанинг имкониятлари ўрганиб чиқилди, ишлаб чиқаришни яхшилаш бўйича таҳлиллар олиб борилди. Яшил технологияларни тадбиқ этиш, атроф-муҳитга зарарли чиқиндиларни камайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. Шунинг учун ҳозирда кўпгина компаниялар бу борада нима қилишни яхши билишади. Уларда аниқ режа, иқтисодий ва экологик баҳолаш натижалари ҳам мавжуд. Ҳужжатлариям тайёр ва энди улар шуни ҳаётга тадбиқ қила бошлайдилар. Ана шу компанияларнинг кўрсатган натижалари бўйича яшил иқтисодиётга ўтишнинг афзалликларини амалда намойиш этиб бермоқчимиз.
Зеро, товар жаҳон бозорига чиқар экан хорижий харидорда биринчи савол ҳам шу - бу маҳсулот қанчалик яшил бизнес талабларига жавоб беради. Шу ўринда халқаро яшил сертификатга эга ишлаб чиқарувчиларнинг имконияти анча ошади. Бу сертификат эса Европанинг барча бозорларига йўл очади.
Икки кун давомида семинарда иштирок этган тўқимачилик ва қурилиш соҳасида фаолият юритувчи компания раҳбарлари ҳамда давлат ва хусусий сектор вакиллари атроф-муҳитни бошқариш, “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш бўйича зарур билим ва кўникмага эга бўладилар.
Эътиборли томони, бу галги семинарда энди маҳаллий компанияларимиз ҳам яшил бизнесга ўтиш бўйича ўз тақдимотларини ўтказдилар. Яъни, бир йил давомида ҳамкорликда эришган натижалари ва олган билимларини амалий намойиш қилиб бердилар.
Ушбу тренинг маҳаллий компанияларимиз раҳбарлари ва масъул ходимларига товар ишлаб чиқаришда экологик зарарни аудит қилиш, энергия тежамкорлик туфайли маҳсулот рақобатбардошлигини ва даромадларини ошириш ҳамда атмосферага карбонат ангидрид газларининг чиқишини камайтириш, табиий ресурслардан барқарор ва оқилона фойдаланиш каби йўналишларда фаол иш юритишларига пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА