Ўзбек ва қозоқ – азалий дўст ва қардош миллатдир
Хабарингиз бор шу кунларда Ўзбекистон Қозоқ миллий маданият марказининг 30 йиллиги муносабати билан пойтахтимизда туркум тадбирлар ташкил этилмоқда.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази фаолияти қозоқ халқининг маданий мероси, анъаналари, урф-одатлари ва она тилини янада ривожлантириш ва асраб-авайлаш, бошқа миллий маданий марказлар билан ҳамкорлик қилиш, миллатлараро тотувлик, тинчлик ва дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган.

Юбилей муносабати билан ташкил этилган байрам тадбирларининг иккинчи куни ҳам қизиқарли воқеаларга бой бўлди. Дастур доирасида, жорий йилнинг 10 июнь куни Тошкентдаги Абай Қўнонбоев ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Қозоқ классик адабиётининг асосчиларидан бири, буюк шоир ва маърифатпарвар Абай Қўнонбоев ўз даврининг илғор ғояли зиёлиси бўлган. Абай маърифатпарварлик ҳаракатига бошчилик қилиб, халқни саводхон қилиш, маънавиятини юксалтиришга хизмат қилган.
Тадбирда ушбу ёдгорлик қардош қозоқ халқига, унинг бетакрор адабиёти ва маданиятига бўлган улкан ҳурмати ва ишончининг ёрқин ифодаси эканлиги қайд этилди. Буюк маърифатпарвар шоир ва мутафаккир, эзгулик ва дўстлик куйчиси Абай Қўнонбоевнинг шарафли номи ва бой ижодий мероси нафақат қозоқ халқи, айни пайтда бутун туркий халқлар, жумладан, ўзбек халқининг ҳам қалбида безавол яшаб келмоқда.
Сўнг Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Қозоғистон делегацияси раҳбари “Ватандошлар” жамоат фонди президенти Абзал Сапарбеков билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва уларга амалий кўмак бериш масалалари хусусида фикр юритилди.
Тадбирда мамлакатларимиз ўртасидаги азалий дўстлик яхши қўшничилик муносабатлари, халқларимиз орасидаги биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистондаги қозоқ миллий маданият маркази фаолиятини янада такомиллаштириш борасида фикр мулоҳазалар билдирилди.

Юбилей доирасида юртимизга ташриф буюрган Қозоғистон делегацияси аъзоларининг Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбанов билан учрашуви ҳам дўстона ва конструктив руҳда бўлиб ўтди. Қўмита раиси мамлакатимизда миллий маданий марказларга яратилган шароитлар ва Қўмита фаолияти ҳақида маълумот берди.
- Қадимдан бир-бирларига қавм-қариндош, дили, тили ва дини бир бўлган, бир дарёдан сув ичган ўзбек халқи билан азалий дўстлигимиз, ўртамиздаги иқтисодий-ижтимоий, адабий-маданий алоқаларимиз йилдан-йилга ривожланиб келмоқда, - дейди “Отандастар” фонди лойиҳалар шўъбаси координатори Қалибек Қобландин. - Бугунги байрам нафақат қозоқ халқи учун, балки ўзбеклар учун ҳам муҳим сана. Байрам муносабати билан ўтказилаётган ушбу тадбирлар юқори савияда ташкил этилганлигига гувоҳ бўляпмиз. Ўзбекистонда турли миллатга мансуб кўплаб халқлар аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Дўстона алоқаларимиз асрлар мобайнида давом этиб келмоқда. Қўмита раиси билан бўлиб ўтган самимий учрашувда бу борадаги ишларни янада такомиллаштиришга келишиб олдик.
Гўзал Сатторова, ЎзА