Ўзбек рассомининг маҳорати французларни мафтун этди (+видео)
Янги лойиҳа: "Халқ дипломатияси"
Халқ дипломатияси бугунги кунда давлатлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутаётган йўналишлардан бири ҳисобланади. Тарихчи олим Отабек Алимардонов қайд этганидек, айниқса дунё маданияти ва тарихида алоҳида ўрин тутган Франция билан Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни айнан шу нуқтаи назардан баҳолаш долзарб.
—Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, икки халқ ўртасидаги муносабатлар илдизлари анча чуқур. Бу алоқалар Амир Темур ва Франция қироли Карл VI ўртасидаги ёзишмаларга бориб тақалади,—дея таъкидлайди О.Алимардонов. — Темурийлар даврида шаклланган бой маданий муҳит кейинчалик ҳам француз жамиятида катта қизиқиш уйғотган. Натижада Францияда Амир Темур ва Темурийлар тарихи, маданияти ва санъатига бағишланган кўплаб асарлар яратилди, илмий тадқиқотлар олиб борилди ва ҳатто махсус журналлар нашр этилди.
Мустақиллик йилларида эса бу алоқалар янги босқичга кўтарилди. Хусусан, 1998 йилда ташкил этилган Ўзбекистон–Франция дўстлик жамияти, Франциядаги Ибн Сино жамияти ҳамда Темурийлар жамияти каби ташкилотлар халқлар ўртасидаги илмий ва маданий мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилиб келмоқда.
Француз тилининг ўзига хос нафосати ва жозибаси ҳам ўзбек жамиятида катта қизиқиш уйғотган. Бу эса таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтирди. Бугунги кунда Франциянинг нуфузли университетлари профессор-ўқитувчилари Ўзбекистонга ташриф буюриб, француз тилини ўқитиш, маҳорат дарсларини ташкил этиш орқали таълим дипломатиясини ривожлантирмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон Миллий университети муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистон–Франция дўстлик жамияти ижрочи директори Райима Ширинованинг хизматлари алоҳида эътирофга лойиқ. Унинг саъй-ҳаракатлари натижасида сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги таълим ва илмий ҳамкорлик сезиларли даражада кенгайди.
Халқ дипломатиясининг яна бир ёрқин намунаси — француз олимаси ва педагоги Мишель хоним фаолияти. У бир неча йил давомида Бухородаги оддий мактабда дарс бериб, нафақат таълим, балки инсонлар ўртасида самимий алоқаларни ҳам шакллантиришга ҳисса қўшди. Бу каби мисоллар ўзаро ишонч ва яқинликни мустаҳкамлаб, талабалар ва мутахассислар ўртасида доимий алмашинув дастурларини йўлга қўйишга замин яратмоқда.
Маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорлик ҳам диққатга сазовор. Франция дунёда мода ва рассомчилик марказларидан бири сифатида тан олинган бўлса-да, ўзбекистонлик рассом Анорқул Бойбеков маҳорати французларни ҳам мафтун этган. У машҳур француз парфюмерия бренди учун махсус бадиий расмлар тайёрлаб бериб, икки мамлакат ўртасидаги ижодий ҳамкорликка ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Шунингдек, археология соҳасида ҳам самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Француз олимлари Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида қадимги Бақтрия маданиятини ўрганишда фаол иштирок этиб келмоқда. Ўз навбатида, ўзбекистонлик археологлар, жумладан Алишер Шайдуллаев каби олимлар Франциянинг етакчи университетларида тажриба алмашиб, илмий ҳамкорликни мустаҳкамламоқда.
Олимнинг хулосасига кўра, таълим, маданият, санъат ва илм-фан соҳаларидаги ҳамкорлик Ўзбекистон ва Франция халқларини янада яқинлаштириб, ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамламоқда. Бу эса халқ дипломатиясининг энг муҳим натижаси сифатида баҳоланади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/iWHSVNHyv3k" title="O`zbek rassomining mahorati fransuzlarni maftun etdi " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова,
Дониёр Ёқубов (видео),
Улуғбек Тўхтаев (монтаж),
ЎзА