Ўзбек адиби ва драматурги, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Қўчқор Норқобил асарлари ҳорижда, жумладан, Сербия давлатида ҳам ўз ўқувчиларига эга.
Таниқли адибнинг мазкур мамлакатда “Кўзларингни кўргани келдим”, “Олисдаги тасодиф” номли китоблари серб тилида босилгач, қатор ҳикоялари босма ва электрон нашрларда мунтазам чоп этила бошлади.
Яқинда Қўчқор Норқобилнинг “Мени кечиринг, Катта Эна!” ҳамда “Юракдаги бомба” ҳикояси Сербиянинг “Pokazivac” адабий нашрида эълон қилинди.
Ўзбек адибининг асарларини Сербия Ёзувчилар бирлиги аъзоси, таниқли адиба, профессор Валентина Новкович русчадан ўз она тилига ўгирган.

– Мен Қўчқор Норқобилнинг рус тилида чоп этилаётган деярли барча асарларини доимо ўқиб бораман. Унинг ижодидаги ўзига хослик шундаки, мутолаа жараёнида ўқувчи ҳам моҳирона тасвирланган воқеалар иштирокчисига айланиб қолади. Муҳими, у инсон қалби ва руҳиятидаги кечинмаларни равон тасвирлайди. Ўз миллатдошлари характерини тиниқ чиза олади. Ўзбекларга хос миллий қадриятлар тимсолида умуминсоний эзгу ғояларни талқин қилади. Шунинг учун ҳам ёзувчи ижодини бошқа миллат вакиллари, хусусан, серблар ҳам ўзига яқин олади. Айниқса, уруш ва муҳаббат, тириклик ва ўлим моҳияти бадиий ифодаланган қисса ҳамда ҳикоялари ўқувчи қалбини ларзага солади,– дея эътироф этади таржимон адибнинг галдаги чоп этилиши режалаштирилган “Кўл қаъридан қайтган муҳаббат” китобига ёзган сўзбошисида.
Албатта, бундай адабий ҳамкорлик халқлар ўртасида дўстлик ва қадрдонлик, адабий-маърифий ришталарнинг мустаҳкам боғланиши, адабиётимиз мавқеини дунё бўйлаб юксалишига хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири