Овуллардаги тиббиёт пункти аҳоли хизматида
Навоий вилояти, Учқудуқ туманидаги узоқ овулларда ҳам ихчам ва қулай тиббиёт масканлари фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Аҳолига кўрсатилаётган тез тиббий хизмат сифатини яхшилаш ва тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш мақсадида туманнинг 4-секторига қарашли “Шалхар” овул фуқаролар йиғинидаги “Контай” овулида маҳалла тиббиёт пункти фаолият бошлади.

– Президентимизнинг жорий йил март ойида тиббиёт соҳаси вакиллари билан ўтказган очиқ мулоқотида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда туманнинг узоқ ҳудудларида ҳам маҳалла тиббиёт пункти очилмоқда, –дейди туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Хуршид Шукуров – Ушбу тиббиёт шохобчалари (контейнер)нинг фойдаланишга топширилиши аҳолининг узоғини яқин қилмоқда. Учқудуқ туманининг олис “Бузаубай” овулида, “Геологлар” қўрғонида ҳамда “Контай” овулида маҳалла тиббиёт пунктлари фаолияти йўлга қўйилди. Муҳими, ушбу пунктлар аҳоли қатновига қулай бўлган жойда барпо этилган.

“Бузабай” овулида 205 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳолига хизмат кўрсатиш радиуси 120 километрни, “Контай” овулида эса 48 нафар аҳоли яшайди, хизмат кўрсатиш радиуси эса 35 километрни ташкил этади. “Геологлар” қўрғонидан энг яқин тиббиёт муассасасигача бўлган масофа эса 20 километр.

– Биргина жароҳатга дори қўйиб боғлаш ёки бўлмаса врач тавсиясига асосан укол олиш учун ҳам сарсон бўлиб бир неча юз чақирим наридаги тиббиёт масканига қатнардик, – дейди контайлик Нинагул Назарова. – Энди бунга ҳожат қолмади. Тиббиёт пунктимиз бир қадам жойда. Керакли вақтда зарур муолажа олиш мумкин.
Ихчам ва қулай тиббиёт (контейнер) пункти фойдаланишга топширилганидан контайликларнинг қувончи чексиз. Айниқса аёллар, оналар хурсанд. Нуронийларнинг қўли дуода. Улар чекка ҳудуд демасдан, шу манзилга ҳам эътибор қаратилаётгани, инсон қадри тамойили аҳоли турмушида ўз ифодасини топиб, ислоҳотлар олис овуллар ҳаётига ҳам кириб келаётганига шукроналар айтмоқда.
А.Бўриев, ЎзА