Осуда ҳаётимиз посбонлари “Имом Термизий” спектаклини томоша қилди
Термиз шаҳридаги “Санъат саройи”да Халқаро театр куни муносабати билан ташкил этилаётган тадбирлар доирасида Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун “Имом Термизий” спектакли намойиш этилди.
Президентимизнинг Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарорига мувофиқ яратилган саҳна асари буюк олим ҳаёти ва илмий меросининг моҳияти ва бугунги кундаги аҳамиятини очиб беришга қаратилган.


Таниқли драматург ва ёзувчи Шавкат Пардаев асари асосида саҳналаштирилган спектаклда буюк муҳаддис олим ижодининг ёш авлод маънавий-руҳий оламини бойитишдаги аҳамияти, уларнинг қалбида миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтиришдаги ўрни, ҳозирги глобаллашув жараёнларида ёш авлодни ислом динига ёт ғоялардан асраш каби масалаларга алоҳида эътибор берилган. Имом Термизийнинг ибратли ҳаёти ва бой илмий меросини акс эттириб, унинг ислом илм-фани ривожига қўшган улкан ҳиссаси ёрқин образларда маҳорат билан гавдалантирилган.


Спектакль осойишта ҳаётимиз посбонлари ва уларнинг оила аъзоларида бой таассурот уйғотди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА