Ўсмир дзюдочиларимиз “Cadet and Junior Asian Cup Tashkent 2026” мусобақасида 38 та медал жамғарди
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” спорт мажмуасида дзюдо бўйича Учқун Муродов хотирасига бағишланган “Cadet and Junior Asian Cup Tashkent 2026” мусобақасида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзолари 38 та медални қўлга киритиб, умум жамоада 1-ўринни эгаллади. 20 дан зиёд давлатларнинг маҳоратли дзюдочи ўсмирлари қатнашган 16 та вазнидаги муросасиз баҳслар сарҳисобига кўра, 13 та вазнда терма жамоамиз аъзолари ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
Истеъдодли спортчи ёшларимиз Акбар Шарипов (-50), Бобур Юсупов (-55), Давлатбек Аҳроров (-60), Мирсаид Жўраев (-66), Беҳрузбек Усмонов (-73), Самандар Суннатов (-81), Жўрабек Эшпўлатов (-90), Алибек Дурдиев (+90), Ирода Сирожиддинова (-40 кг), Нозима Нормуродова (-44 кг), Зуҳра Алимова (-57), Динора Самандарова (-63) ва Зиёда Шомуродова (-70) Осиё кубоги шоҳсупага кўтарилди.

Улар шарафига мадҳиямиз янграб, байроғимиз сарбаланд бўлиши Ўзбек дзюдосининг янги олтин авлоди камолга етаётганлигини яна бир карра ёрқин намоён этди. Икки кунлик беллашувларда устунликка эришган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси 13 та олтин, 9 та кумуш, 16 та бронза медал билан умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.

Иккинчи ўриндан жой олган Қозоғистон ўсмирлар терма жамоаси 2 та олтин, 3 та кумуш, 10 та бронза медалига эгалик қилган бўлса, 3-поғонани банд этган Қирғизистон вакиллари 1 та олтин, 1 та кумуш медал билан кифояланди. Энди 30-31 май куни ўтказиладиган қитъа кубоги мусобақаларида 20 га яқин давлатнинг ёш дзюдочилари ўз вазн тоифасида ғолиблик учун кураш олиб боради.
Т. Рўзиев, ЎзА