Осиё хотин-қизларининг II форуми: мулоқот майдони
Кўҳна ва навқирон Бухоро шаҳрида ўтаётган Осиё хотин-қизларининг II форуми ўз ишини параллел сессиялар доирасида давом эттирмоқда. Форум доирасида давлат ва жамият бошқарувида аёллар иштирокини кенгайтириш, иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш, илм-фан ва инновациялар соҳасида хотин-қизлар имкониятларини ошириш, шунингдек, ижтимоий ҳимоя ва рақамли хавфсизлик масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова, бугунги кунда аёлларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштироки мамлакат тараққиётининг муҳим кўрсаткичи эканини таъкидлади.
–Бугун аёллар жамиятнинг ярмини ташкил этади. Уларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётдаги фаол иштироки давлатнинг реал тараққиётини белгилайди. Шу боис хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш — нафақат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, балки иқтисодий ўсиш ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашнинг муҳим омилидир, — деди у.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, 2020 йилдан бошлаб тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ҳамда болаларга “ҳимоя ордери” бериш тизими йўлга қўйилди.
[gallery-29407]
2021 йилда республика ва ҳудудларда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари ташкил этилди. 2023 йилда эса Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб оилавий (маиший) зўравонлик институтини қонунчиликда белгилаб, ушбу ҳолатлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни жорий қилди.
Хотин-қизларнинг таълим олиши ва илм-фан соҳасида фаолият юритиши учун ҳам кенг имкониятлар яратилмоқда. Давлат илмий ташкилотлари ва олий таълим муассасалари докторантураси учун ҳар йили камида 300 та мақсадли квота ажратилиши белгиланган.
Шунингдек, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида аёллар ва ёш болали оилалар учун муҳим ижтимоий кафолатлар мустаҳкамланди. Хусусан, ҳомиладорлиги ёки фарзанди борлиги сабабли ишдан бўшатиш тақиқланди. Ҳомиладор аёллар ва 3 ёшгача фарзанди бўлган аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди.
2026 йил 3 март куни қабул қилинган Президентнинг ПФ-33-сонли “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги фармони эса аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди. Мазкур ҳужжатда тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда жамиятда муросасиз муносабат муҳитини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Фармонга мувофиқ, 2026–2027 ўқув йилидан бошлаб ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача фарзанд тарбияси билан шуғулланаётган талабалар учун “иккинчи имконият” тамойили асосида таълимни қайта давом эттириш имконияти яратилади.
Шу билан бирга, халқаро стандартларга мувофиқ фемицид, фамилицид, сталкинг, киберзўравонлик ва онлайн-груминг каби тушунчаларни миллий қонунчиликка жорий этиш бўйича вазифалар белгиланди.
Омбудсман институти томонидан хотин-қизлар мурожаатларини ўрганиш, ҳуқуқий кўмак бериш ва уларнинг ҳуқуқларини тиклаш борасида ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2025 йил давомида 11 та ҳимоя ордери расмийлаштирилиши, 21 нафар ҳуқуқбузарнинг жавобгарликка тортилиши, 604 миллион сўмдан ортиқ алимент маблағлари ундирилишига кўмаклашилди.
Шунингдек, “Тенглик ва ҳурмат” платформаси ишга туширилиб, жамиятда гендер тенглик ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган мулоқотлар тизимли равишда йўлга қўйилди.
2025 йил октябрь ойида Фарғона шаҳрида Омбудсман, Адлия вазирлиги ҳамкорлигида “Аёллар ва болаларни қўллаб-қувватлаш маркази” — шелтер фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур марказ ҳозирга қадар зўравонликка учраган 16 нафар аёлга бошпана ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатди.
Форумда таъкидланганидек, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлашда халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда Ўзбекистон вазирликлар ва идоралар БМТТД (UNDP), USAID, ЕХҲТ ва “БМТ аёллар” каби ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда гендер тенгликни таъминлаш, ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш ва соҳадаги мутахассислар малакасини ошириш бўйича изчил иш олиб бормоқда.
Шунингдек, 2030 йилга қадар Ўзбекистонда гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилиниб, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди.
Форум иштирокчилари таъкидлаганидек, бу каби нуфузли халқаро мулоқот майдонлари тажриба алмашиш, янги ташаббусларни илгари суриш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ҳамда иқтисодий манфаатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари