Япониянинг Осака шаҳрида “Expo 2025” Жаҳон кўргазмаси доирасида Ўзбекистон Миллий куни нишонланди.
Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова ва инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этди.

Меҳмонларга дунёга машҳур ўзбек рақси – лазги ва миллий куй-қўшиқлардан иборат концерт дастури намойиш этилди. Байрам кайфиятига карнай-сурнай садоси, вокал ансамбллари ва чолғу жамоалари янада шукуҳ бағишлади. Ўзбек хореографияси бой репертуари тақдим этилган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Нодира Пирматова ва Мукаррам Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамбли чиқишлари ҳам ташкил этилди.

“Expo 2025” кўргазмаси майдони бўйлаб ранг-баранг юриш эса Миллий кун безагига айланди. Ўнлаб санъаткорлар, карнай-сурнай созандалари, ноғорачи, доирачи ва раққослар қатнашган парад нафақат ёрқин тасвирга бой томоша, балки юртимизнинг жаҳон бадиий макони фаол иштирокчиси бўлиш сари интилишини ўзида мужассам этган маданий мулоқот сифатида намоён бўлди.

Ташриф доирасида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Нара шаҳри ва Нара миллий музейи ўртасида уч томонлама ўзаро англашув меморандуми ҳам имзоланди. Келишувга кўра, 2027 йил Буюк Ипак йўли бўйлаб маданий алоқаларга бағишланган йирик кўргазма ташкил этилади. Шунингдек, маданий мерос соҳасида академик, музейлар ва мутахассислар аро ҳамкорлик кенгайтирилади.

Мазкур ҳужжат имзоланишини Ўзбекистон маданий дипломатиясини юксалтириш йўлидаги яна бир дадил қадамдир. Зеро, мамлакатимиз Япония билан турли маданий йўналишларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, маданий меросимизни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиб келмоқда.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА