Оролбўйида сув ресурсларини бошқариш бўйича муҳим концепция имзоланди
“Eco Expo Central Asia 2026” халқаро кўргазмаси доирасида Оролбўйи экотизимларини тиклаш, ер ва сув ресурсларини барқарор бошқариш, биологик хилма-хилликни асраш ҳамда минтақанинг иқлим ўзгаришларига чидамлилигини ошириш масалаларига бағишланган “Барқарорлик ороллари: Амударёнинг қуйи оқими ва Орол денгизи ҳавзасида экотизим хизматларини асраш” мавзусида сайд-ивент бўлиб ўтди.
Тадбир Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) ва Глобал экологик фонд (GEF) ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Aral Sea Wetlands Project” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Сессия давомида иштирокчилар Оролбўйи минтақасининг экологик инқироздан барқарор экотизимларни шакллантириш босқичига ўтиши, иқлим босими кучайиб бораётган шароитда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш, иқлимга мослашган қишлоқ хўжалигини жорий этиш ҳамда ер деградацияси бўйича нейтрал мувозанатга эришиш масалаларини муҳокама қилди.

Шунингдек, биохилма-хилликни сақлаш, экотизим хизматларининг барқарорлигини таъминлаш ва маҳаллий аҳоли учун даромад манбаларини яратишда сув-ботқоқ ҳудудлари ҳамда қирғоқбўйи экотизимларининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Техник сессия доирасида “Aral Sea Wetlands Project” лойиҳасининг халқаро техник маслаҳатчиси Жошуа Бранн Амударёнинг қуйи оқимида экотизим хизматлари ва барқарор турмуш манбаларининг аҳамияти ҳақида маъруза қилди.
Очиқ мулоқот давомида Орол денгизи минтақасида ҳамкорликни кенгайтириш, инновацион ечимларни жорий этиш ва экотизимларни тиклаш бўйича муваффақиятли тажрибаларни кенг кўламда татбиқ этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Тадбир якунида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасида Қуйи Амударё ҳавзаси учун сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш режаси концепцияси имзоланди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА