Орол балиқларидан 99 турдаги таом
Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир туманида “Орол балиқларидан 99 турдаги таомлар” халқаро гастрономик фестивали ҳамда унинг доирасида ошпазлар ўртасида кўрик-танлов бўлиб ўтди.
Танловни ўтказишдан мақсад Қорақалпоғистон Республикасида янги ташаббуслар, инновацион ғояларни ривожлантириш ҳамда Оролбўйи минтақасини гастрономик туризм маркази сифатида халқаро даражада брендлаш, Орол балиқлари асосида миллий ва замонавий 99 турдаги таомни яратишдан иборат.

Тадбир Қорақалпоғистон Республикасида туризм хизматлари турларини диверсификация қилиш, маҳаллий балиқчилик хўжаликлари, фермерлар ва рестораторларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва аҳоли ўртасида соғлом овқатланишни, Орол минтақасини халқаро гастрономик харитада янги туристик дестинация сифатида шакллантиришни тарғиб қилишга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси, Маданият вазирлиги, бошқа ҳамкор вазирлик ва идоралар томонидан ташкил этилган танловда Оролбўйининг барча шаҳар ва туманларидан, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан 50 нафардан зиёд ошпаз ҳамда ҳаваскорлар иштирок этди. Ҳар бир иштирокчи ўз рецепти ва услубига мувофиқ 5 турдаги, жами 100 турдаги балиқ ва балиқли таом тайёрлади.

Танлов якунида Кегейли туманидан Элмира Аскарова биринчи, Қораўзак туманидан Айнур Оксинбаева иккинчи, Амударё туманидан Руслан Озотов учинчи ўринни эгаллади.
– Анъанавий ўтказилиб келинаётган кўрик-танлов йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Жорий йилда Оролбўйидан ташқари, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан таниқли ошпазларнинг иштирок этгани бунинг яққол исботидир. Энг асосийси мазкур тадбир ҳудудда гастрономик туризм йўналишида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, миллий пазандалик анъаналарини тарғиб этиш орқали сайёҳлик оқимини кўпайтиришга хизмат қилади, – дейди Қорақалпоқ умумий овқатланиш корхоналари уюшмаси раиси Гулмирза Юлдашев.
Кўрик-танлов ғолиблари ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.