Ҳорманг, иштихонлик теримчилар!
Туманнинг илғор хўжаликларидан ҳисобланган “Домла Аброрий” далаларида айни пайтда Халқобод ва Чайжовул маҳаллаларининг 200 нафардан ортиқ теримчилари фермерга яқиндан ёрдамлашмоқда.
Самарқанд вилоятида бўлиб турган Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат гуруҳ Иштихон тумани пахта далаларда меҳнат қилаётган теримчилар ҳузурида бўлиб, улар учун яратилган шарт-шароит, бугунги меҳнат жараёнлари билан танишди.
– Бир неча кундан буён Самарқанд вилоятида пахта йиғим-терими даврида теримчиларга яратилган шароит, улар меҳнатига ҳақ тўлаш масалалари юзасидан ўрганиш олиб боряпмиз, – дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси, ишчи гуруҳ раҳбари Ф.Боқиев.
– Шу билан бирга ижро ҳокимияти органлари, фермерлар ва кластерлар раҳбарлари, аҳоли билан билан учрашиб, ушбу йўналишда тушунтириш-тарғибот ишларини амалга оширяпмиз. Вилоятнинг барча туманларида мавсумга пухта тайёргарлик кўрилган. Ишсиз, банд бўлмаган кишилардан иборат терим отрядлари тузилиб, улар ихтиёрий равишда, яъни ўз рўзғорларига даромад бўлиши учун пахта теримида қатнашмоқда.
Терилган бир килограм пахта учун теримчилар билан келишган ҳолда ҳар уч кунда ёки беш кунда 1000 сўмдан ҳақ тўланмоқда. Кўплаб фермер хўжаликларида кунлик ҳақ тўланаётганига ҳам гувоҳ бўлдик. Бугун Иштихондаги “Домла Аброрий” фермер хўжалигига келганимизда бу ерда тушлик пайтида туман ҳокимлиги, “Мароқанд сифат текстиль” кластер корхонаси томонидан теримчилар учун маданий дастур ташкил этилганига гувоҳ бўлдик.
Туманнинг илғор хўжаликларидан ҳисобланган “Домла Аброрий” далаларида айни пайтда Халқобод ва Чайжовул маҳаллаларининг 200 нафардан ортиқ теримчилари фермерга яқиндан ёрдамлашмоқда.
– Тасарруфимиздаги 25 гектар ер майдонининг 43 гектарида пахта етиштирганмиз, – дейди ёш фермер Мафтуна Бердиқулова. – Кўз тегмасин, ҳосил жуда яхши, 45 центнердан пахта олишни мўлжаллаб турибмиз. Биринчи теримдаёқ бу натижа кўзга ташланмоқда. Ҳар куни 200 нафардан кўпроқ теримчилар келиб, ҳосилни йиғиштириб олишга ёрдам бермоқда. Биз ҳам улар учун даланинг ўзида тушлик ва бошқа имкониятларни яратганмиз. Терим пуллари ҳар беш кунда бериляпти. Кластер ва туман ҳокимлиги ҳам теримчиларни қўшимча рағбатлантираётгани терим суратини оширмоқда.
Тушликка чиққан теримчиларга ҳокимлик ва кластер томонидан қимматбаҳо совғалар тарқатилди. Банк ходимлари эса ўтган кунлардаги терим пулларини тарқатишни бошлади.
– Пенсия ёшида бўлсам ҳам қизим ва келиним билан бирга далага чиқиб, пахта теряпман, – дейди Ҳиммат Санақулов. – Кунига 300 килога яқин теряпмиз, бу 300 минг сўм пул дегани. Рўзғорга катта ёрдам-да. Фермеримиз тушлик қилиб беряпти, зарур бўлса, бошқа томондан ҳам ёрдам қиляпти. Ёш бўлса-да аёл киши бўлгани учун хотин-қизларни яхши тушунади, ҳеч кимни норизо қилмай, ҳақ тўлаяпти.
Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев, Қонунчилик палатаси депутати М.Абдиева, Иштихон тумани ҳокими Ш.Негматов ва бошқалар теримчилар ҳамда хўжалик аъзолари билан дилдан суҳбатлашиб, уларга эзгу ниятларини билдирди.



