“oriGIn Uzbekistan” нодавлат нотижорат муассасаси ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Географик кўрсаткичларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Тошкент давлат юридик университети, Савдо-саноат палатаси ва “Ҳунарманд” уюшмаси муассислигида “oriGIn Uzbekistan” нодавлат нотижорат муассасаси ташкил этилади.
Унинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:
тадбиркорлик субъектларига географик кўрсаткичларни аниқлаш ҳамда уларни давлат рўйхатидан ўтказишда бепул ҳуқуқий ва услубий ёрдам кўрсатиш;
аҳолининг географик кўрсаткичлар ҳақидаги хабардорлигини ошириш бўйича тарғибот ишларини амалга ошириш;
миллий географик кўрсаткичларни хорижий мамлакатларда тарғиб қилиш чораларини кўриш;
географик кўрсаткичларни ривожлантириш ва ҳуқуқий муҳофазасини таъминлаш ҳолатини таҳлил қилиш, таҳлил натижаларига кўра амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
тадбиркорлик субъектларига географик кўрсаткичлардан фойдаланиш бўйича бирлашмалар тузишга кўмаклашиш;
тадбиркорлик субъектларига географик кўрсаткичларни тижоратлаштиришга кўмаклашиш.
Қуйидагилар “oriGIn Uzbekistan” муассасаси фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланди:
муассислар томонидан ажратиладиган маблағлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро институтлар ва хорижий ноҳукумат ташкилотларининг маблағлари;
ижтимоий шериклик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ давлат ижтимоий буюртмаси доирасида давлат органлари ва ташкилотларининг, жумладан Адлия вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тўғридан-тўғри тузиладиган шартнома асосида ажратиладиган маблағлар;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
“oriGIn Uzbekistan” муассасасини бино, компьютер техникаси ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминлаш, шунингдек, муассасани “oriGIn” халқаро географик кўрсаткичлар тармоғи ташкилотига аъзо бўлишини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳамда Адлия вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан;
“oriGIn Uzbekistan” муассасаси жойлашган биноларни сақлаш (коммунал хизматлар, жорий таъмирлаш ва бошқалар) билан боғлиқ харажатлар муассислар томонидан ажратиладиган маблағлар ва бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Маълумот ўрнида, олдинроқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Интеллектуал фаолият натижаларини рағбатлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2025 йил 27 ноябрдаги ПҚ-358-сон қарорига мувофиқ:
асосий мақсади географик кўрсаткичларни ривожлантириш, уларни тарғиб қилиш, жумладан хорижий давлатларда тарғиб қилиш, тижоратлаштириш ишларида тадбиркорлик субъектларига ва ҳунармандларга ҳуқуқий ҳамда услубий ёрдам кўрсатиш ҳисобланадиган “oriGIn Uzbekistan” муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилотини ташкил этиш;
ҳар йили географик кўрсаткичлар фестивалларини ўтказиб бориш белгиланган эди.
ЎзА