Ўқувчиларга китоб, ўқув қуроллари ва эсдалик совғалар топширилди
Пойтахтимиздаги имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган 36-сонли ёрдамчи мактабда “Меҳрли қўллар меҳр улашиб” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Давлат Божхона қўмитасининг Божхона институти ҳамкорлигида “Халқаро ногиронлар куни”га бағишлаб ўтказилди.
Тадбирда мазкур мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари, Маънавият ва маърифат маркази ходимлари ҳамда Божхона институтининг бир гуруҳ ташаббускор курсантлари ва ходимлари қатнашди.
– Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, ногиронлиги бор инсонларга ҳаётда тенг имконият ва шароитлар яратиб бериш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. – деди Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Маҳфират Зикирова. – “Халқаро ногиронлар куни”га бағишлаб ўтказиладиган ушбу тадбир ҳам имконияти чекланган ёшларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда ўз ўринларини эгаллашларига қаратилган ижтимоий акциядир.

Тадбир давомида мактаб ўқувчиларига китоблар, ўқув қуроллари ва эсдалик совғалари топширилди. Мактаб ўқувчилари томонидан ижро қилинган куй-қўшиқлар даврага кўтаринки рух ва ўзгача завқ бағишлади.