Оқгул обод бўлмоқда
Юртимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз ҳаётини яхшилаш, ҳудудларни барқарор ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Айниқса, Президентимизнинг “Республика ҳудудларини жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туманларда амалий чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу қарорга мувофиқ, мамлакатимизда 16 та шаҳар ва туманни комплекс ривожлантириш белгиланган бўлиб, улар қаторида Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани ҳам муносиб ўрин эгаллаган.

Дарҳақиқат, Бухоро воҳасида кейинги йилларда амалга оширилган кенг кўламли янгиланишлар ҳақида сўз кетганда Ғиждувон туманининг алоҳида ўрни бор. Ушбу туман нафақат ўзининг ҳунармандчилик анъаналари, балки бугунги кундаги жадал тараққиёти билан ҳам эътиборни тортмоқда. Умумий майдони қарийб 39,95 минг квадрат километрни ташкил этувчи, 315 минг нафардан ортиқ аҳоли яшайдиган ушбу ҳудудда қисқа вақт ичида катта ўзгаришлар амалга оширилди. Хусусан, туман маркази билан бир қаторда олис маҳалла ва қишлоқлар ҳам янгиланиб, уларнинг меъморий қиёфаси замонавий тус олмоқда.
Ана шундай маҳаллалардан бири — Оқгул. Бугун бу ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари нафақат ташқи кўринишни, балки аҳоли турмуш тарзини ҳам тубдан ўзгартирмоқда. Халқаро молиявий институтлар, жумладан, Ислом тараққиёт банки маблағлари асосида амалга оширилаётган лойиҳалар маҳалланинг ҳар бир хонадонига ижобий таъсир кўрсатиб, фаровон ҳаёт учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Жумладан, маҳаллада 8 километр ички йўллар асфальт қилиниши режалаштирилиб, бу ишлар учун 4,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Натижада аҳолининг кундалик ҳаракати янада қулай ва хавфсиз бўлади. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида эса янги трансформатор ўрнатилиб, 4 та мавжуд трансформатор янгиланди, 8,1 километр электр тармоқлари қайта таъмирланмоқда. Бу ишларга 250 миллион сўм маблағ ажратилгани аҳолига узлуксиз ва сифатли электр таъминотини кафолатлайди.
Сув таъминоти ва ирригация тизими ҳам эътибор марказида. Маҳаллада 2 та тик қудуқ қурилиб, бу орқали аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи қондирилиши, шунингдек, қишлоқ хўжалиги унумдорлигининг ошишига эришилмоқда. Шу билан бирга, “Оқгул” сув иншооти тўлиқ реконструкция қилиниб, қўшимча 500 куб метр сиғимга эга янги резервуар барпо этилмоқда. Ушбу лойиҳа учун 3 миллиард 675 миллион сўм маблағ ажратилгани унинг нақадар муҳим эканини кўрсатади.
Ёш авлод камолотига хизмат қилувчи ижтимоий объектлар ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Маҳалладаги 18-сон мактабгача таълим ташкилоти қайта қурилиб, 120 ўринли замонавий бино барпо этилмоқда. Бу мақсад учун 4,2 миллиард сўм маблағ йўналтирилган бўлиб, келажак эгалари учун муносиб таълим ва тарбия муҳити яратилмоқда.

Шунингдек, маҳаллада 2 километр масофада тунги кўча ёритиш тизими ўрнатилмоқда. Бу нафақат маҳалланинг кўркини оширади, балки аҳоли хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Қисқача айтганда, Оқгул маҳалласида амалга оширилаётган бу каби кенг кўламли ишлар ҳудудни янги босқичга олиб чиқмоқда. Инфратузилманинг яхшиланиши, замонавий шарт-шароитларнинг яратилиши ва аҳоли турмуш даражасининг ошиши — барчаси бир мақсадга, яъни инсон қадрини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, бугун Ғиждувонда амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат ҳудуд қиёфасини ўзгартирмоқда, балки инсонлар онгида ҳам янги қарашларни шакллантирмоқда. Оқгул эса ана шу ўзгаришларнинг ёрқин намунаси сифатида эртага янада обод, файзли ва фаровон масканга айланиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА