1
Бўлмади ҳеч ерда манзил-маконим,
Заҳру заққум бўлди ичган-еганим,
Айтсам-да, бўлмади менинг деганим,
Куйгандан жон қийналур халқ учун...
Бердақ – Бердимурот Қарғабой ўғли Бердақ бобонинг юрагидан сизиб чиққан бу оғриқли “оҳ”лар қалблардан қалбларга кўчиб акс-садо берганда ўзбеклар ва қорақалпоқларнинг кўнглидан нималар кечмайди, дейсиз.
Бундан қарийб 200 йил бурун – 1827 йилда айнан Мўйноқда дунёга келган шоирнинг ушбу маҳзун сатрлари 2019 йилнинг 20 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қорақалпоқ заминида айтган мана бу сўзларини ёдимга туширди: “Мен Сизлар билан учрашганда, Сизнинг қизғин қарсакларингизни соғиниб эмас, Сизларнинг кўзларингиздаги қувончни кўришга келдим. Сабаби, тарихдан яхши маълум, қорақалпоқ халқи ўтмишда ҳамма вақт қайғу алам, оғир дард билан кун кечирган”...
Президент бекорга айтмаган эди бу сўзларни. Қорақалпоқ халқининг ўтмишини яхши билган, дарду-ташвишларини дил-дилидан ҳис қилган одам айтиши мумкин эди буни. Илло, ҳар бир халқнинг узун тарихи, босиб ўтган йўли, бошидан кечирган иссиқ-совуқ кунлари бор. Тўфону бўронлар гирдобида тобланиб-чиниқмаган элат ҳам, миллат ҳам йўқ бу дунёйи дунда. Аммо, ҳеч ким қорақалпоқчалик аччиқ изғиринларга дуч келманган, ҳеч ким қорақалпоқ каби кўз ёш тўкмаган бўлса керак.
Кечмиши милоддан аввалги асрларга бориб тақалгувчи бу халқ, халқ бўлиб шакллангандан бошлаб қайғули дамларга юзма-юз келаверди: зўравонлар қутқусига учради, бир манзилда қўним тополмади, “кўча-кўч”, “қоча-қоч” дейилмиш таҳликалар остида умргузаронлик қилишга мажбур бўлди. Орол бўйларида балиқчилик , чорвачилик билан тинчгина яшаб юрган, илк манбаларда “қора бўркли”, мўғуллар истеълоси даврида “қавми кулоҳи сияҳ” деб аталган қорақалпоқларни Чингиз лашкарлари Рус чўлларига ҳайдади.
“Қорақалпоқлар бир юртда юз йил макон қилмади, кўчиб юриб, кўпчилиги йўлда ўлди...”, дея фарёд урди у қора кунларни эслаган шоир Бердақ бобо.
Бир муддат Киев Руси даштлари, Волга -Урал оралиқлари, кейин Иртиш соҳилларида омонат кун кечирган қорақалпоқлар, Олтин Ўрда таркибида Нуғой хонлигини тузди. Аммо, сал ўтмай шимоллик ёғийлар тазйиқига учраб, Туркистонга ҳайдалди. Қозоқ хони Абулхайрхоннинг зўравонликларидан кейин Хива хонлиги таркибидаги оғир ҳаёт, Ерназар Алакўз, Айдос бий, Бегис ва Миржиқ каби ботирларнинг озодлик йўлида жон беришлари – буларнинг ҳар бири азобли достон, қайғули бир китоб.
Кейин Сариқамиш, Ўзбўй, Сайҳун бўйларида кун кечирган халқ ниҳоят, ер юзининг ярмини айланиб-айланиб, 18-аср ўрталарида, не-не машаққатлар билан яна Жайҳун соҳилларига қайтиб келди. Келди ота маконига. Бироқ, кўч-кўчлар бўронида неча минглаб ўғил-қизларидан бевақт айрилган “қора бўркли”ларнинг манглайига осойишта дамлар ҳали ёзилмаган экан: яна қув-қувлар, ҳайда-ҳайдалар, урушлар, қон тўкишлар...
Гапирсанг тилинг, гапирмасанг дилинг куяди. Чор Россияси истилоси ва шўролар замонида гоҳ Россия, гоҳ Қозоғистон таркибига ўтказиб-қайтирилган “қавми кулоҳи сияҳ”лар, ниҳоят, Ўзбекистон билан бир давлат, бир мамлакат мақомига эга бўлгандан кейингина азалий орзулари – она заминида муқим яшаш бахтига мушарраф бўлди. Минг афсуски, бу бахт ҳам ҳали чала экан. Етмиш йиллик шўро замони бу элни нафақат ўзлигидан буткул айирди, балки, очофат босқинчиларнинг пахтадан оқ, шолидан сариқ олтин олиш талвасаси, халқни бойитиш ҳақидаги чўпчакларга йўғрилган талончиликлари халққа қўшиб ер юзидаги атоқли денгизларнинг бири бўлган Орол денгизининг ҳам бошига етди. Оролнинг чекиниши, миллион-миллион тонналаб заҳарли, тузли чанг-тўзонларнинг осмонга кўтарилиши она табиат кўксига болта урди, денгиз бўйларида умргузаронлик қилаётган элнинг генофондини оғулади.
“Тихий Чернобил” – “Сокин Чернобил” дея оламга жар солди мазкур фожиа кўламини ҳис қилганлар.
Бироқ тани бошқа – дард билмас. Ҳукмдорлар Оролни қутқариш, умрини денгиз билан боғлаган, денгизни Она деб улуғлаган заҳматкаш элга ғамхўрлик қилиш ўрнига уларни Узоқ Шарқнинг Уссурийск томонларига кўчирмоқ режасини тузди.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов:
“Хавотир бор, қорақалпоқлар,
Кўп узамай кўчар деган” сўзлар билан бошлангувчи шеърида қондошларининг синовларга тўла беором ўтмишига мана энди Орол дарди ҳам қўшилгани, Ўзбекистон ҳудудининг 40 фоизини ташкил қиладиган минтақа, унинг ҳаёт манбаи бўлган денгиз, меҳнаткаш одамлар ҳаёти буткул хавф остида қолганини алам билан фарёд уриб куйлади.
Денгиз ўрнида пайдо бўлган саҳродан кўтарилаётган тўзонлар Антарктида соҳиллари, Гренландия музликлари, Норвегия ўрмонлари, Япония боғларигача етиб борган ва Орол фожиаси дунё фожиасига айланаётган азобли кунларда собиқ иттифоқ корчалонлари, қорақалпоқларнинг дардига малҳам бўлиш ўрнига, юқорида таъкидлаганимиздек, уларни ўз уйидан мосуво қилиш йўлларини излади. Бутун бошли элнинг келажаги шу тарзда вақт ҳукмига ташлаб қўйилди.
2
Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейингина минг йиллик ҳақиқат асл ўзанига қайтди. Қорақалпоқ эли ўз заминига, бобомерос қўрғонига эга бўлди. Қорақалпоқ дарди Ўзбекистон дардига айланди – бутун Ўзбекистон бир бўлиб қондошлари - жондошлари дардига шифо излади.
Шавкат Мирзиёев эса ҳали Президентликка номзод пайтидаёқ биринчи сайлов олди учрашувини айнан шу заминдан бошлади. Халқ билан учрашди, юзма-юз гаплашди, қалбига, дардига, орзу-армонларига қулоқ тутди. Аслида ҳудуднинг мушкул аҳволи беш қўлдек аён эди у кишига. Бош вазирлик чоғларида овулма овул юрган Шавкат Миромонович номзодлик учрашувининг ўзидаёқ ўша йиллари минтақа учун энг оғриқли бўлган ичимлик суви таъминотини яхшилаш, кўмир таннархини пасайтириш, аҳолини электр энергиясидан фойдаланишини изга тушириш, мактабгача таълим муассасаларини модернизациялаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, пенсионерларга хизмат кўрсатишни кучайтириш каби 11 та устувор вазифага эътибор қаратди. Шу кундан эътиборан қорақалпоқ диёрида бошланган ислоҳотларнинг барчаси доимий назоратга олинди.
Давлат раҳбарининг меҳру муҳаббати, ватанпарварлиги, элсеварлиги минг-минглаб қалбларда эгаменлик туйғуларини оловлантирди, билакларга куч, юракларга алпона қудрат бағишлади. Халқ бирлашди - куч бўлди, ирмоқлар туташди - дарё бўлди. Тиришқоқнинг чегаси тошга чега қоқади, деган шарқона ҳикматнинг нақадар ҳақиқат экани ҳаял ўтмай ўз натижасини кўрсатди – ишонч билан экилган ниҳоллар ширин-ширин мевалар билан сийлади дастурхонларни. Муаммолар бирин-кетин барҳам топиб, овулларга чирой, кўчаларга баҳорий насимлар кирди. Омборларда дон, дастурхонларда нон кўпайди. Иқтисодиёт ўсди, саноат, қурилиш, ахборот-коммуникация технологиялари, бизнес ва хусусий тадбиркорлик, сайёҳлик соҳалари қанот ёзди. Катта йўлга тушган катта карвон қўнғироқлари беадоқ саҳрою чўлларни, дашту далаларни ҳаёт қўшиғига тўлдирди.
Шу йилларда, яъни сўнгги 7-8 йил ичида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоқ ўлкасини юксалтиришга доир 14 та фармон ва қарори, Ҳукуматнинг 25 та қарор ва фармойиши қабул қилинди. Бу тарихий ҳужжатлар ўлка халқларига турмуш тарзини яхшилаш, яшаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, иқтисодиётни мустаҳкамлаш, даромадни ошириш, қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт, спорт, маданият соҳаларини ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.
3
Илгари саноат маҳсулотлари деярли ишлаб чиқарилмаган ўлкада металлургия комбинати, нефт-кимё заводи комплекслари пайдо бўлди, қурилиш материаллари, энергия ресурслари ва бошқа корхоналар бирин-кетин ишга туширилди. Саноатнинг кириб келиши туфайли авваллари кўрсаткичи энг паст бўлган 6 туманда ишлаб чиқариш 2-3 баравар кўпайди. Шундоқ туманларнинг канвонбошиси эди Кегайли. Илгарилари умуман саноат бўлмаган бу туманда астойдил қилинган ҳаракатлар ва ҳудудлараро ҳамкорлик натижасида учта йирик лойиҳа ўзлаштирилди. “Ақтуба текстил” шуларнинг бири эди. Йилига уч миллион донадан зиёд трикотаж моллари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган корхона ишчилари йилига 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш мақсадида енг шимариб ишга тушиб кетди. Корхона жиҳозларининг ҳаммаси Германия, Япония, Туркия каби давлатлардан олиб келиб ўрнатилган энг замонавий ускуналар эди.
Яна бир ибратли жиҳат – корхонанинг ўзида ёшларни касб-ҳунарга қайта тайёрловчи ўқув маркази ташкил этилди. Унда овуллардаги касбга қизиқувчи ишсиз йигит-қизлар малака оширдилар, ҳунар эгалладилар.
Ютуқлар албатта қувончли эди. Аммо, Президентимиз улардан қониқмади, қорақалпоқ халқининг дастурхони янаям тўкин бўлишига асос бўладиган янги ташаббуслар қидирди. Шу тариқа, Қорақаопоғистондаги 450 дан зиёд маҳалланинг ҳар бирига тўғридан-тўғри 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ ажратилди.
Бир маҳаллага 500 миллион! Биргина шу рақамнинг имкониятларини таҳлил қилган киши, агар бу пуллар тўғри сарфланса, қанча-қанча ночор оила оғир аҳволдан халос бўлиши, қанча ишсизлар ишли, қанча рўзғорлар эса кичик-кичик тадбиркорлик билан шуғулланиш имконига эга бўлишини англаб олади. 450 дан зиёд маҳалланинг ҳар бирида, борингки, ўнтадан одам ишли бўлганда ҳам неча минг кишининг қозони қайнайди.
Президент томонидан яна бир ташаббус – кадастрсиз уйлар муаммоси тилга олинганда кўплар жойларидан туриб кетди. Қарангки, Қорақалпоғистонда 38 мингта уй-жой ва кўчмас мулклар кадастр қилинмаган экан. Давлат раҳбари соҳа мутасаддиларига бу масалани тезкорлик билан бажариш вазифасини топширди.
Умуман, уй-жой муаммоси Қорақалпоғистон учун ҳам ўта муҳим ҳисобланади. Ўша йилнинг ўзида 4 мингта уй-жой қурилиши ва шунга қўшимча, замонавий лойиҳа асосида яна 4 мингта якка тартибда уй-жой қуришга 4 сотихдан ер ажратилажаги аҳолига ўзгача қувонч ва кайфият бағишлади.
Амалга оширилаётган ишлар кўлами нақадар катта бўлишига қарамай, барибир, Президентнинг кўнгли тўлмасди. 2018 йилнинг бошида давлатимиз раҳбари яна қорақалпоқ замини томон йўлга отланди. Бердақ бобонинг киндик қони томган макон Мўйноққа борди. Мўйноқдан худди Орол каби фақат ном қолганди ўша пайтларда: файз кетган, корхоналар тўхтаган, инфраструктура издан чиққан, ишсизлик ва эртанги кунга умидсизлик ҳамманинг силласини қуритган...
Президент мўйноқлик ёшуллилар, маҳалла раислари, ёшлар билан учрашиб, маслаҳатлашди. Орол денгизининг қуриган ҳудудларига бориб, вазиятни яна бир карра кўрди, таҳлил қилди.
Бир пайтлар минг-минглаб одамлар фаровон ҳаёт кечирган, тонналаб балиқлар овланган, денгиз ва унга туташ яйловларда қўй-қўзилар ўтлаб юрган, қушлар сайроғи, ёш-ялангларнинг куй-қўшиқлари жаранглаб турган манзилнинг бундай абгор аҳволини кўриш, унинг келажагини тасаввур қилиш ниҳоятда оғир ва аламли эди.
Юртбошимиз ҳолатни теран баҳолар экан, бу даҳшатли муаммони оқилона ҳал қилиш йўлларини чуқур ўйлади. Албатта, шу пайтгача ҳам мазкур фожиани тузатишга оид халқаро режалар, илмий стратегиялар, турли-туман жамғармалар бор эди. Оролни қутқариш ташкилотларининг фаолияти тўхтаган эмас, фақат натижадан дарак йўқ эди, халос. Президент янги стратегия таклиф қилди: Оролнинг қуриб қолган қисмига ўсимликлар экиб, тузли, заҳарли тўзонни тўхтатиш, унинг ўрнига яшил иқтисодиётни ташкил этиш керак. Элбоши бундан бошқа чора йўқлигини ҳар томонлама илмий асослаб берди. Жаҳон ҳамжамияти бу фикрни инсоният тарихидаги донишмандликнинг яна бир ютуғи сифатида баҳолади.
Орол бўйини одамларга ризқ улашадиган, иш ва даромад манбаига айлантирадиган маконга айлантириш ишлари ана шу тарзда янгидан бошланиб кетди. Бутун Ўзбекистон оёққа қалқди, бутун Ўзбекистон Орол бўйларини обод қилишга астойдил бел боғлади. Қорақалпоғистон Республикасининг барча туман ва шаҳарлари муайян вилоятларга бириктирилди. Аввало, атрофни, мусаффо ҳавони тозалаш, денгизнинг қуриган тубидан кўтарилаётган миллион-миллион тонна чанг ва заҳарли тузларни камайтириш керак эди. Шу мақсадда шўрга чидамли ўсимликлар экишга киришилди. Эл бирикса тоғни талқон, чўлни бўстон қилади. Орол соҳилларида ҳаёт қайнади, минглаб одамлар бел, кетмон кўтардилар, юзлаб тракторлар гуриллаб ер ҳайдади, самолётлар осмондан уруғ сепди. Аввалги 40 йилллар давомида Оролнинг қуриган тубига бор-йўғи 400 минг гектар саксавул экилган бўлса, ана-мана дегунча денгизнинг сув қуриган 2 миллион гектардан ортиқ қисмига саксовул, қорабўроқ, қандим, черкез каби чўл ўсимликлари экилиб, тўқайзор барпо этилди.
Президент бу орада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси сессияларида сўзга чиқди, халқаро саммитларда муҳим таклифларни илгари сурди. Дунё аҳлини яна ва яна Орол фожиаси ва бу фожианинг олдини олишга қаратди. Шу тарзда Орол муаммосига қарши курашда жаҳондаги барча давлатлар бирлигини ташкил қилувчи Траст фондига асос солинди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эса “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги резолюциясини қабул қилди. Минтақада ҳаёт маромини меъёрига келтириш – саломатликни тиклаш, туз ва қум кўчишининг олдини олиш, яшил ҳудудлар яратиш мақсадида 14 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратилди.
Орол бўйининг флора ва фаунасини яхшилаш бўйича миллий дастурнинг ишлаб чиқилиши ҳам Президент ташаббуси эди.
Халқнинг йўқолиб бораётган умидлари тикланди.
Давлат раҳбарининг “Маданият Мўйноқдан бошланади!” деган сўзлари эса Устюрт кенгликлари, саҳрою овуллар оша бутун Ўзбекистон бўйлаб янгради ва Сурхондарё-ю Самарқанд, Бухоро-ю Фарғона, Сирдарё-ю Тошкент – ҳамма-ҳамма жойда бирдек акс-садо берди. Бухоро вилояти тадбиркорлари Хўжайли, хоразмликлар Шуманай, самарқандликлар Нукус, сирдарёликлар Қонликўл туманларида боғлар, узумзорлар, ихчам иссиқхоналар ташкил қилдилар. Қолган туманларда унданда салмоқли лойиҳалар бажарилди. Жумладан, қорамол, қўй ва эчкиларни кўпайтириш, парранда, қуёнчилик ва асаларичиликни ривожлантириш изга тушди. Бунинг учун хонадонларга қўй ва эчкилар, қуёнлар ва асаларилар тарқатилди. Юз минглаб гектар майдонларда “Яшил қопламалар” барпо этилди. Умуман, вилоятлар томонидан ҳудудда умумий қиймати 524 миллион доллар бўлган 318 та янги инвестицион лойиҳа ишлаб чиқилди. Шу тариқа ҳам юрт обод бўлди, ҳам 20 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.
4
2022 йил. 23 февраль. Шу куни Тошкентдан кўтарилган биринчи рақамли борт, яъни Президент учган самолёт, Нукусдан нақ 200 километр олисдаги Мўйноқ аэрапортига келиб қўнди. Аэропорт тугул ёлғизоёқ йўллари ҳам қумга кўмилиб, йўқ бўлиб кетган жойлар чинакам байрам шукуҳига тўлди. “Мен биринчи келганимда “Маданият Мўйноқдан бошланади” дегандим. Шундай бўлаяпти. Мана шу аэропорт ҳам бунга бир мисол. Энди Тошкент – Мўйноқ – Нукус авиақатнови йўлга қўйилади”, дея мўйноқликлар қалбига қайноқ руҳ бағишлади мамлакат раҳбари.
Нафақат маданият, балки Янги Қорақалпоғистон ҳам айнан Мўйноқдан бошланмоқда, дея Юртбошининг сўзларини қувватлашди қорақалпоқлар.
Атоқли оқин Ибройим Юсупов жондошлари шодлигига шерик бўлди: “Дунёда 30-40 миллионлаб нуфуси бор миллатлар, элатлар бор. Уларнинг на давлати бор, на эрки бор, на боши узра ҳилпираб турган байроғи бор. Қорақалпоқ шу маънода бахти чопган халқ. Атиги 2 миллионга яқин аҳолиси бор, лекин эрки бор, ўз туғи, мадҳияси бор....” дея кўксини ғоз тутиб ўланлар айтди.
Бугун 2 миллион 300 мингга яқин аҳоли умргузаронлик қилмоқда Қорақалпоқ диёрида. Энг муҳими, аҳолининг асосий қисми доимий иш билан банд. Ишсизлик даражаси 5,8 фоиз атрофида.
Мамлакат кундан-кун ўсиб, ривожланиб боряпти. Биргина ўтган 2024 йилнинг ўзида инвестиция дастури доирасидаги 252 та объектда 886 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. 118 та янги объект фойдаланишга топширилди. Буларнинг 37 таси мактаб, 23 таси боғча, 6 таси соғлиқни сақлаш, 5 таси спорт, 2 таси маданият, 17 таси ичимлик сув, 23 таси ирригация ва мелиорация, 23 таси автомобиль йўллари, 15 таси бошқа соҳа объектларидир.
5
Кўзланган марралар, режалар эса янада улкан. Келгуси беш йилда 200 минг гектар яйловни қайта тиклаш ва ҳосилдорликни ошириш чоралари кўрилади, чорвачиликни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, 5 фоизли кредит ажратиш тизими йўлга қўйилади. Ҳар бир туманда 200 минг бошли парранда ва 100 гектардан балиқ хўжаликлари ташкил этилади, шу тариқа гўшт, сут, тухум ва балиқ етиштириш ҳамжми 2 баробарга кўпаяди.
Шунингдек, камида 760 минг гектар ер майдонлари қайта фойдаланишга киритилиб, Амударё, Беруний, Тўрткўл, Хўжайли, Элликқалъа ва Нукус туманларида қўшимча интенсив боғ ва токзорлар бапрпо этилади. Аҳоли томорқаларида сув таъминотини яхшилаш орқали 12 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланади.
Таълим-тарбияга алоҳида эътибор берилиб, болаларни мактабгача таълим билан қамров даражаси 71 фоиздан 87 фоизга етказилади. Янгидан 40 та давлат ва хусусий, 525 та оилавий боғчалар ташкил этилади, 73 та давлат боғчаси реконструкция қилинади ва яна 40 минг нафар боланинг боғчага бориш имконияти яратилади.
Шу ўринда Ўзбекистонда бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш тизими айнан Қорақалпоғистон мактабларидан бошланганини ифтихор билан таъкидлаш лозим. Бу ерда 2022 ўқув йилидан бошлаб 1-4 бошланғич синф ўқувчилари учун бепул тушлик бериш йўлга қўйилган. Бунинг учун ҳар йил давлат бюджетидан 100 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Энди мана бу рақамларга эътибор қилинг. 2017-2024 йилларда “Бир қадам” тамойили асосида минтақада 74 та оилавий шифокорлик пункти, 81 та оилавий поликлиника, 92 та МТП ташкил этилди. Ихтисослаштирилган марказларнинг ҳудудий филиалларида 150 турдаги янги технологиялар ишга тушди. Йилига 4500 нафар беморга узоқ йўл юриб Тошкент ёки хорижга эмас Қорақалпоғистоннинг ўзида юқори технологик ёрдам олиш имкони яратилди.
Бундан ташқари, 2022-2026 йиллар давомида ўлкани ривожлантириш учун 43 триллион сўм маблағ ажратилади. Жумладан, бюджетдан – 10 триллион сўм, халқаро молия ташкилотларидан 19 триллион сўм, банк кредитларидан 14 триллион сўм. Натижада ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ва саноат маҳсулотлари 1,5 баробар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш 1,2 баробар, хизматлар ҳажми 2,9 баробар, қурилиш ишлари ҳажми 1,4 баробар ошади.
Неча минг йиллик тарихга эга бўлган Қорақалпоқ ҳудуди сайёҳликни ривожлантириш учун қанчалар кенг имкониятларга эга эканини айтишга эса эҳтиёж бўлмаса керак. Минтақада 94 та маданий мерос, 35 та зиёратгоҳ, 12 та музей, 24 та театр мавжуд.
2024 йилда 200,7 минг хорижлик сайёҳ ва 2 миллион 240 минг нафар ички сайёҳлар келди бу заминга. Туризм – сайёҳлик хизматлари экспорти ҳамжи 30,83 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.
Жорий йилда сайёҳлар сонини 3 миллион нафарга етказиш, сайёҳлик хизматлари экспортини 50 миллион АҚШ долларига олиб чиқиш режалаштирилган.
5
Ҳақли савол туғилади. Қорақаопоғистон атиги 7 – 8 йил ичида қандай қилиб 70 – 80 йиллик ютуқларга эришди? Жавоб битта: адолатли ва узоқни кўзлаб амалга оширилаётган оқилона сиёсат! Ўлкадаги барча ислоҳотлар, ҳеч шубҳасиз, давлат раҳбарининг халқига, она ватанига бўлган беадоқ муҳаббати туфайли амалга ошмоқда. Зеро, Шавкат Мирзиёев иқтидорга келгач, 8 йил ичида 20 марта ташриф буюрди Қорақалпоқ диёрига.
Ташрифларнинг ҳар бирида ўнлаб, юзлаб янги булоқлар кўз очди. Ҳар бир ташрифдан сўнг салмоқли “Йўл харита”лари тасдиқланди, вазифалар белгиланди, ижролар таминланди.
Келинг, шу ўринда яқин ўртада амалга ошириладиган лойиҳаларнинг айримларига ҳам бир карра назар ташлайлик:
Яқин беш йилда аҳолини ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 68 фоиздан 89,7 фоизга кўтарилади. Бунинг учун 3,2 минг километрлик ичимлик суви тармоқлари, 177 дона сув иншооти қурилади ва таъмирланади. 250 та маҳалладаги 300 мингта хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланади. Олис ҳудудлардаги овуллар, боғча, мактаб ва шифохоналарга шўр сувни тоза ичимлик сувига айлантириб берадиган мингта ускуна ўрнатилади. Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан шу йилнинг адоғигача 1 279 километрлик ичимлик сув тармоқлари ва 27 та сув иншоотлари қурилади.
Нукус шаҳри, Тахиатош ва Қўнғирот туманларида иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш учун 350 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилиб, мингдан ортиқ кўп қаватли уйлар марказлашган ва индивидуал иссиқлик таъминотига уланади.
Яна 4 974 километр электр тармоғи янгидан қурилади ва реконструкция қилинади, 1.4 мингга яқин трансформатор ва подстанция янгиланади. 557 километр газ тармоқлари яхшиланади.
Аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш учун 20,3 минг квартирали 709 та кўп қаватли уй (олдинги йилларга нисбатан қарийб 2 баробар кўп), ипотека кредитлари ҳисобидан 2,5 мингта якка тартибдаги уй қурилади. Ўтган йилнинг ўзида 2734 хонадонли 71 та уй фойдаланишга топширилди.
Яна Осиё тараққиёти банки иштирокидаги “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнау” автомобиль йўлининг 232 километрлик қисми цементбетон қопламаси билан реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.
Оролнинг қуриган ҳудудида яна 1 миллион гектар ўрмонзор ва бутазорлар барпо этилади. Нукус шаҳри атрофидаги “яшил белбоғ” майдони 200 гектарга кенгайтирилади. Шаҳар ва туманлар марказида жами 362 гектар, Нукус шаҳри ва туман марказларида 70 гектар жамоат парклари, яшил майдонлар ташкил этилади.
Тадбиркорликни ривожлантириш орқали 100 мингта янги иш ўрни яратилиб, 2022-2026 йилларда 60 триллион сўмлик (олдинги йилларга нисбатан қарийб 5 баробар кўп) жами 2352 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. 45 та кичик саноат зонаси ташкил этилиб, ушбу саноат зоналарида қиймати 3 триллион сўмдан зиёд лойиҳалар амалга оширилиши натижасида, қарийб 25 мингта янги иш ўрни ташкил қилинади. Камбағаллик ва ишсизликни қиқартириш, аҳоли даромадини ошириш учун келгуси беш йилда 238 мингдан зиёд доимий иш ўринлари яратилади.
Бу жозибадор рақамларни қоғозга муҳрлаётиб беихтиёр доно оқин Ибройим Юсуповнинг мана бусатрлари эсимга тушди:
Яхши сўз жон озиғидир, нақл бор,
Хушомадга ҳар ким ҳавас ўзинча.
Шундаям, бир ўтинчим бор, одамлар:
Қорақалпоқни кўп мақтаманг кўзимча...
Ҳақ гап. Қорақалпоқ халқи ортиқча мақтовни хушламайди. Аммо, бугун ўлкада олиб борилаётган беқиёс ишлардан ғурурланмаслик, уларни олқишламаслик ҳам мумкин эмасда, ахир!
Гарчи Орол денгизининг суви камайган бўлса-да, табиат бу бепоён замин бағридаги бошқа бойликларни халқимизга мўл-кўл қилиб ҳадя қилмоқда. Минтақада топилаётган ва ишга туширилаётган табиий бойликлар, конлар бунинг тасдиғидир.
6
Қорақалпоғистон харитасига қарасангиз, икки улкан саҳро – Қорақум ва Қизилқум ўртасида жойлашган ўлканинг ён-атрофида Борсакелмас, Қумбаскан, Қўйқирилган, Қанликўл деган номлар билан аталган жойларга кўзингиз тушади. Бу номлар ўтмишдаги оғир фожиаларни эслатиб туради, дейди Бердақ бобо шеърларининг бирида.
Маҳзунликка қоришган ўтмиш энди тарихнинг сарғайган саҳифаларида қолди. Олдинда эса нурли, нурафшон йўллар...
Мамлакатнинг ёрқин келажаги нурланиб ётибди ана шу йўлларнинг бепоён қучоқларида. Кейинги беш йилда 13 триллион 300 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилгани, шунинг 2 миллиард 400 миллион доллари хорижий инвестиция экани бу юртнинг эртаси нақадар порлоқлигидан дарак беради. Бу йўллардан теваракка боқсангиз афсонавий манзараларга гувоҳ бўласиз: бир ёнда Марказий Осиёда ягона бўлган Қўнғирот сода заводи, бир ёнда саноатимизнинг локомотивига айланган қиймати 4 миллиард доллардан зиёд Устюрт газ-кимё мажмуаси, бир ёнда Геннес китобидан жой олган, жаҳонда муқобили йўқ қорақалпоқ ўтови, бир ёнда...
Беихтиёр ўйга толасиз, олимлар 100 жилддан иборат “Қорақалпоқ фольклори”ни нашр қилдилар. 7-8 йилда эришилган ютуқлар, агар улар китоб қилинса, сиғармикан юзлаб жилдларга?
Сўнгги йилларда илмий муассасалар ва олий ўқув юртларида амалга оширилаётган фундаментал ва амалий тадқиқотлар, “Саҳродаги Лувр” деб шуҳрат таратган И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида олиб борилаётган ишлар... Булар қандай сиғар экан китоблар қучоғига.
Ёки ўлканинг Хоразм билан туташ ҳудуди – Беруний туманида Саудия Арабистонининг “ASWA Power” компанияси билан ҳамкорликда қурилаётган шамол электр станцияси. Қайси достонга сиғади унинг таърифи?
– Қорақалпоқ инсонлари меҳнаткаш, ери бой. Энди шамоллариям иқтисодиётга манфаат келтиради. Агар биз катта-катта корхоналар қурамиз, десак, ҳамкорларимиз авваламбор “энергетиканг борми, йўлинг борми, инфратузилманг борми” деб сўрайди. Бу ерда қуввати 100 мегаватт бўлган шамол электр старнцияси барпо этилиши ҳудуд иқтисодиётига қўшимча куч, замин бўлади, - дейди мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев. – Келгуси беш йилда бу ҳудудда қуввати қарийб 1 минг 800 мегаватт бўлган 3 та шамол станцияси ишга туширилади.
Шундай. Қорақалпоғистон барча жабҳаларда, бадиийроқ айтганда, арслон шиддати билан олға бораётир. Давлатимиз раҳбари зўр ифтихор билан таъкидлаганидек: “Қорақалпоғистон тақдири – бу Ўзбекистоннинг тақдири, қорақалпоқ халқининг бахти ва фаровонлиги – бу бутун Ўзбекистон халқининг бахти ва фаровонлигидир. Бизнинг олий ва эзгу мақсадимиз – биргаликдаги фидокорона меҳнатимиз билан Янги Ўзбекистон таркибида Янги Қорақалпоғистонни бунёд этишдир”. Юртбошимизнинг бу гаплари ҳаётий ҳақиқат эканини вақт деган одил ҳакам кўрсатиб турибди кўзгу мисоли.
Бугун агар Бердақ шоир ҳаёт бўлганида эди, бир замонлардагидек:
Шоир эдим, кўзим кўрганин ёздим,
Кўнглимнинг билганин, сезганин ёздим,
Замон жафосидан сарғайдим, оздим,
Келурми, деб, яхши кунлар халқ учун, - дея қон-қон йиғламаган, аксинча, юртидаги эврилишлар қошида ҳайратга тўлиб, шоир иниси Ибройим Юсупов сингари:
-Меҳнат десанг енг шимарган полвондай,
Аравада тоғ келтир де, келтирар.
Дўстлик деса, юлдуз топиб олгандай,
Оқ кўкрагин эзгуликка тўлдирар! - деб ҳайқирган бўлар эди.
Абдусаид Кўчимов, журналист