Онлайн дарсларнинг яна бир фойдали томони бор...
Коронавирус пандемияси даврида барча мактаблар онлайн таълим бериш тизимига ўтгани ҳам бизнинг ютуғимиз, аслида.
Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий ўқув йилини сифатли якунлаш, битирув ва кириш имтиҳонларини ташкил этиш масалалари муҳокамасига бағишлаб ўтказган йиғилишида таълим муассасаларида, айниқса мактабларда меъёрларни қайта кўриб чиқиш кераклигини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги долзарб топшириқлари ёшларни билимли қилиб тарбиялаш йўлида барчамизга янги руҳ, илҳом бағишлади.
Коронавирус пандемияси даврида барча мактаблар онлайн таълим бериш тизимига ўтгани ҳам бизнинг ютуғимиз, аслида. Тўғри янги амалиёт бошида камчиликлар бўлиши табиий, албатта. Умуман олганда, бу жараёнда ўқитувчилар ва ота-оналар, ўқувчиларнинг фаоллиги кузатилаётгани қувонарлидир.
Бу тизим карантин шароитида ўқувчиларнинг фанларни ўз вақтида ўзлаштиришига қулай имконият яратмоқда. Онлайн дарсларимиз одатдагидек эрталабдан бошланади. Ўқувчилар билан бошқа қизиқарли мавзуларни ҳам муҳокама қиламиз. Интернетга уланишнинг имкони бўлмаган ўқувчиларимиз билан телефон орқали гаплашиб турамиз.
Иқтидорли, ижодкор ўқувчиларимиз кўп. Дарслар тугагандан сўнг кун давомида телеграм гуруҳимиз орқали ана шу ўқувчиларнинг янги ижод маҳсулларидан баҳраманд бўламиз. Дарс, уй ишларидан ортиб кимдир шеър, ҳикоя, мақола ёзган, кимдир бир асарни ўқиб тугатган, яна кимдир тикувчилик, пазандачилик ва устачилик билан шуғулланган бўлади. Биз уларга ўз муносабатимизни билдирамиз. Ота-оналарга ҳам минг раҳмат, болаларининг дарсларга вақтида қатнашиб, уй вазифаларини тайёрлашини назорат қилиб турибди.
Маълумки, ёшларимиз бизга қараганда интернет ва ижтимоий тармоқлардан кўпроқ фойдаланади. Буни эътиборга олсак, онлайн дарсларнинг яна бир жуда муҳим фойдали томони ҳам борлигини айтиш жоиз. Хусусан, ёшларимизда интернетдан асосан фойдали нарсаларни кўриб, билиб, унумли фойдаланиш кўникмаси ҳосил бўлмоқда.
Зебо ШОЕВА,
Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги 37-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.