Она тилим сен борсан, шаксиз...
Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир.
Шавкат МИРЗИЁЕВ.
Ўзбек тили жуда катта тарихий йўлни босиб ўтди. Мана шу давр оралиғида ривожланди, тараққий этди, сайқал топди, қаршиликларга ҳам учради. Лекин ўз қадр-қимматини йўқотмади. 1989 йил 21октябрь ўзбек тили қайта туғилди, давлат тили мақомини олди. Бу халқимизнинг асрий орзуси, она тилимиз обрўсини янада юксакларга кўтариш учун жуда катта имконият бўлди.
Навоий вилояти Зарафшон шаҳридаги 10-умумтаълим мактабининг олий тоифали она тили ва адабиёти ўқитувчиси Раҳима Ярашова билан суҳбатимиз она тилининг нуфузи ва аҳамияти ҳақида бўлди.
–Авваламбор, сизни, сиз каби тилимиз жонкуярларини қутлуғ сана – тил байрами билан табриклаймиз.
– Раҳмат!
– Она тилининг миллатимиз, жамиятимизга таъсирини қандай таърифлайсиз?
–Тил-бу ҳар бир миллатнинг қалби, ўтмиши, бугуни ва келажагидир. У миллатимизнинг бебаҳо хазинаси бўлиб, лексик қатламида минглаб сўзлар мавжуд. Хўш, бу сўзлар қаердан олинган, деган ҳақли савол туғилади? Албатта, тилни халқ яратади, сайқаллайди, бойитади. Ўзбек тили ҳам мана шундай босқичларни босиб ўтган, ривожланиш йўлида давом этаётган тил ҳисобланади. Энг муҳими, тил доимий ҳаракатда. Даврга мос ўзгариб, замонавийлашиб боради. Она тилининг бебаҳо қадр-қимматга эга бўлиши халқнинг тилни асраб-авайлашига, бутун буй-басти билан келажак авлодларга етказишига боғлиқ. Бу барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. Ўзбек тили бўлмаганда, миллат деган ном қаердан бўларди?! Биласиз, бир пайтлар ўзбек тили жуда қаттиқ қаршиликларга ҳам учради. Ҳаттоки, собиқ тузум сиёсатида: “Агар миллатни маҳф этмоқчи бўлсанг, уни тилидан ва қадриятларидан жудо қил!”, деган ақида ҳам пайдо бўлди. Яъниким, улар тил йўқолса, миллат ўз-ўзидан йўқолади, деган кайфият билан бизнинг тилимизга ҳам тош отган пайтлар бўлди. Бундай паллада маърифатпарвар ўзбек адиби Абдулла Авлоний таъбири билан айтганда: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурғон ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидир. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”, деган даъватомуз ташаббус тилимизни асраб қолишга асос бўлди. Шукурки, тилимиз бундай қаршиликлардан омон чиқди. Бугун у жаҳон ҳамжамиятида ўзбек деган ном билан бўй кўрсатмоқда, нуфузли минбарларда баралла янграмоқда.

–Бугунги кунда ўзбек тили адабий ва миллий тил мақомига қай даражада эга деб ўйлайсиз?
–ЮНЕСКО маълумотларига кўра, бугунги кунда жаҳонда 7 мингга яқин тил мавжуд бўлиб, улар орасида ўзбек тили ҳам ўз ўрни, ўз алифбоси ва имлоси, 30 миллиондан ортиқ сўзлашувчисига эга. Ўзбек тили бой тил, ҳатто уни тиллар орасида “ширали тил” деб ҳам айтишади. Шунинг учун адабий тил нормаларини, ўзбек тили асллигини сақлаб қолиш учун барчамиз ҳаракат қилишимиз керак.
Янги Ўзбекистонда “Давлат тили ҳақида”ги қонун, қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Улар ижроси бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бироқ, танқид бўлмаган жойда ўсиш ҳам, тараққиёт ҳам бўлмайди, деганларидек, она тилимиз мақомини ошириш учун ҳам назарий, ҳам амалий ишларни кучайтирсак мақсадга мувофиқ бўларди. Хусусан, тилимизнинг лексик қатламида кузатилаётган камчиликлар, жумладан, луғатлар устида жиддий иш олиб бориш зарур. Имло луғат адабий тилда мавжуд бўлган барча сўзларнинг ёзилишини қамраб олмаганлиги, бу эса ўрганувчиларга қийинчилик туғдираётганлиги барчага аён. Ёинки, морфем луғатининг ҳалигача янгиланмаганлиги ҳам олдимизда турган долзарб масала ҳисобланади.
–Фикрингизча, ҳозирги кунда она тили ва адабиёти дарсликлари талабга жавоб берадими, таълимдаги муаммолар нималарда кўринади?
–Ўз мутахассислигим бўйича кўп йиллардан буён мактабда дарс бериб келаман. Тажрибадан биламанки, дарсликлар ҳар тўрт йилда қайта тўлдирилган ҳолда нашрдан чиқади. Тилшунослик грамматикасини ишлаб чиқиш осон иш эмас, бунинг замирида қанча меҳнат ётибди. Шунинг учун ҳам камчиликларни гапиришдан олдин обдон фикр юритиш керак, назаримда. Янги нашрдан чиққан барча дарсликларни варақлайман, илмий жиҳатдан таҳлил қиламан ва ўз муносабатимни билдираман. 2020 йилда тўлиқ янгиланган 5-синф ўқувчиларига мўлжалланган она тили дарслиги ҳозир амалда. Бу дарслик замонавийва миллий ўқув дарслигига мос равишда ишланган. Аммо, 8-синф она тили дарслигига келсак, ундаги мантлар ва машқларнинг кўпчилиги мумтоз асарлардан танланган. Бундай матнларни синтактик таҳлил қилиш ва маъносини англаб етиш ўқувчига мураккаблик қилади. Мазкур дарсликда ишоравий хатоликлар ҳам баъзан кўзга ташланади. Дарсликлар ўқувчига нафақат билим беради, балки соф адабий тилнинг нуфузини ҳам оширади. Шундай экан, бу жараёнда ҳар биримиз ўз масъулиятимизни янада чуқур ҳис этмоғимиз даркор.
–Тилга эътибор-элга эътибор, деган улуғ иборани қандай талқин этасиз?
–Умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган мурғак қалбларга она тилимизнинг руҳини сингдириш ҳар қачонгидан муҳим. Шундагина фарзандларимиз ҳар жиҳатдан тўкис тарбия топади, муқаддас тилимизни, Ватанимизни асраб-авайлайди, севади.
Тилимизга бепарволик ҳолатлари сўнги пайтларда кўп кузатилмоқда. Шевага хос бўлган тил воситаларини нутқимизга олиб кириш, ёки ўзини “маданиятли” қилиб кўрсатиш илинжида русча, инглизча сўзларни қўшиб гапириш одат тусига кириб бормоқда. Бу каби ҳолатга интилиш ортидан нутқимизга варваризм кириб келмоқда. Тилни бузиб гапириш кўпроқ ёшлар, баъзи ўқитувчилар орасида ҳам учрайди.
“Конечно”, “Молодец”, “Браво”, “Да, чёткий, уже”, “Окей”, “Карочи гаплашамиз” сингари жумлалар тилимизнинг келажагини хавф остига қўяди.
Мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ўзининг “Маҳбуб ул-қулуб” асарида: “Тил – шунча шарафи билан нутқнинг қуролидир. Агар нутқ номаъқул бўлиб чиқса – тилнинг офатидир”,- дея бежиз таъкидламаган.Тил пала-партиш ва кириб келадиган ёт сўзлар ҳисобига қашшоқлашади, дея бежиз таъриф бермаган. Унинг замирида катта маъно бор.
Демоқчиманки, юртимизда ҳар бир ҳудуднинг ўз шеваси бор. Бу азалдан давом этиб келаётган бебаҳо қадриятдир. Халқ ўз шеваси орқали мулоқот қилади, гаплашади. Лекин тан олинган ягона адабий тил бошқа, шева бошқа. Шунинг учун ҳам барча жараёнда адабий тилдан унумли фойдаланиш шарт.
Шу ўринда, ўзбек халқининг забардаст шоири А.Ориповнинг:
Она тилим, сен борсан,шаксиз,
Булбул куйин шеърга соламан.
Сен йўқолган кунинг,шубҳасиз,
Мен ҳам тўти бўлиб қоламан!, деган бетакрор сатрлари ҳамиша барчамизни тилимизни асраб-авайлашга чоралайди.
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!
Дилдора Каримова суҳбатлашди
ЎзА