Она еримизни асраш — муқаддас бурчимиз
22 апрель — Халқаро Ер куни муносабати билан Ўзбекистон Экологик партияси ташкилотлари томонидан жойларда тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда. Жумладан, Тошкент давлат аграр университетида “Она еримизни асраш — муқаддас бурчимиз” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, партия фракцияси аъзоси Моҳира Хўжаева иштирок этиб, маъруза қилди.

Тадбирда ер ресурсларини асраш, табиатга эътиборли бўлиш ҳамда экологик муаммоларнинг олдини олиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири экани таъкидланди. Ёш авлод қалбида табиатга меҳр, она ерга садоқат туйғуларини уйғотиш, аҳоли ва ёшларда экологик маданиятни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Очиқ мулоқот шаклида ўтказилган тадбирда талаба-ёшлар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди.
****
Экологик сана муносабати билан Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида ҳам Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши ташаббуси ҳамда Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ҳамкорлигида “Яшил мода – келажак нафаси” шиори остида кенг кўламли экологик тадбир ва давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Халқаро Ер кунининг аҳамияти, глобал экологик муаммолар, иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликни сақлаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Иштирокчилар томонидан экологик йўналишдаги инновацион ва ижодий ишланмалар намойиш этилди. Талабалар қайта ишланган материаллардан тайёрланган замонавий кийим коллекциялари, 20 га яқин эко-арт асарлари ҳамда 10 дан ортиқ инновацион эко-лойиҳаларни тақдим этди.

Энг фаол иштирокчилар “Энг яхши эко-лойиҳа”, “Энг яхши эко-арт образ” ва “Энг яхши экологик кийим” номинациялари бўйича тақдирланди. Тадбир давомида экологик маданиятни ривожлантириш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини кенг тарғиб этиш бўйича фикр ва таклифлар билдирилди.
Тадбир якунида Халқаро Ер куни рамзи сифатида институт ҳудудидаги боғда мевали дарахт кўчатлари экилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА