Олот бағридаги табиий шифо мўъжизаси
Юртимизда Президент ташаббуси билан ички туризмни ривожлантириш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ана шундай эзгу саъй-ҳаракатлар самарасида Бухоро вилоятининг олис чўл ҳудудлари ҳам сайёҳлар ва шифо излаб келувчиларни ўзига жалб этаётган замонавий туристик масканларга айланмоқда. Олот туманидаги “Қум ва туз билан даволаш маскани” эса бу борада ўзига хос табиий мўъжиза сифатида эътироф этилмоқда.
Ёзнинг жазирама кунлари бошланиши билан Олот туманининг “Арабхона” маҳалласида жойлашган мазкур маскан яна минглаб меҳмонлар учун ўз бағрини кенг очди. Табиатнинг ноёб неъмати мужассам бўлган бу ҳудуд бугун нафақат дам олиш, балки саломатликни тиклаш, руҳий ҳордиқ чиқариш ва экологик туризмдан баҳраманд бўлишнинг энг жозибали манзилларидан бирига айланиб бормоқда.
Туман марказидан қарийб 24 километр узоқликда, шифобахш туз кони ва кенг қум барханлари бағрида барпо этилган ушбу маскан ҳар йили юзлаб эмас, балки минглаб меҳмонларни қабул қилмоқда. Бу ерга вилоятнинг турли ҳудудларидан, мамлакатимизнинг бошқа вилоятларидан ҳамда қўшни давлатлардан келаётган сайёҳлар оқими йил сайин ортиб бораётгани унинг нуфузи тобора ошиб бораётганидан далолат беради.

Масканнинг энг катта бойлиги — табиатнинг ўзи яратган шифо манбаидир. Бу ерда қум ванналари, туз кристаллари ҳамда қора балчиқ билан даволаш каби халқ табобатига асосланган муолажалар малакали мутахассислар кузатуви остида ташкил этилган. Айниқса, табиий қум ва тузнинг шифобахш хусусиятлари бўғим, асаб, тери ҳамда таянч-ҳаракат тизими билан боғлиқ айрим хасталиклардан азият чекаётган инсонларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Шу боис бу масканга ҳар йили қайта-қайта ташриф буюрадиганлар сони ҳам кўпайиб бормоқда.
Бу ерга келган меҳмонлар нафақат даволанади, балки чексиз чўл бағридаги мусаффо ҳаво, сокин муҳит ва бетакрор табиат қўйнида руҳан ҳам дам олади. Ҳозирги кунда ҳудудда 40 дан ортиқ миллий ўтовлар барпо этилган бўлиб, уларда меҳмонларнинг қулай дам олиши учун барча зарур шароитлар яратилган. Миллий анъаналар ва замонавий хизмат уйғунлиги масканга янада ўзига хос файз бағишламоқда.

Эътиборлиси, бугун бу ерда фақат шифо эмас, балки қулайликлар ҳам изчил яратилмоқда. Масканга олиб борувчи икки километрлик автомобиль йўлига 1 миллиард 800 миллион сўм маблағ сарфланиб, замонавий асфальт қопламаси ётқизилди. Шунингдек, ҳудудга 66 дона замонавий тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди, электр таъминоти янада яхшиланмоқда, ичимлик суви тармоғини тортиш ишлари жадал давом этмоқда. Бу ўзгаришлар меҳмонлар учун янада хавфсиз ва қулай муҳит яратишга хизмат қилмоқда.
Истиқбол режалари ҳам салмоқли. Келгусида бу ерда замонавий даволаш шохобчалари, тиббиёт пункти, ювиниш хоналари, салқин дам олиш масканлари, автотураргоҳлар ва турли хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш кўзда тутилган. Бу лойиҳалар амалга ошгач, масканнинг туристик ва соғломлаштириш имкониятлари янада кенгаяди.

Энг муҳими, Олотнинг қум ва туз бағрида жойлашган ушбу бетакрор маскан инсон ва табиат уйғунлигининг ёрқин намунасига айланиб бормоқда. Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир инсон нафақат табиий шифодан баҳраманд бўлади, балки чўл бағридаги сокинлик, мусаффо ҳаво ва бетакрор манзаралардан завқ олиб, янги куч ва илҳом билан ҳаётга қайтади.

Олотдаги “Қум ва туз билан даволаш маскани” бугун Бухоро вилоятининг туризм брендига айланиш сари дадил одимламоқда. Табиат инъом этган ноёб бойликлар, давлат томонидан яратилаётган замонавий инфратузилма ва меҳмонларга кўрсатилаётган юксак эътибор бу масканни нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг энг жозибадор табиий соғломлаштириш марказларидан бирига айлантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири