Олий таълим соҳасида Германия билан ҳамкорлик алоқалари кенгайтирилади
Мамлакатимизда олий таълим сифатини ошириш, илмий-тадқиқот салоҳиятини кучайтириш, амалий тадқиқотларни ривожлантириш, инновацион экотизимни шакллантириш, университет ва саноат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, технологиялар трансфери механизмларини такомиллаштириш ҳамда “Саноат 4.0” ва ақлли ишлаб чиқариш тизимларини жорий этиш устувор йўналишлардан бирига айланган.
Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ва Германиядаги ишлаб чиқариш технологиялари бўйича амалий илмий-тадқиқот институти — “Fraunhofer IPK” вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда ҳам қайд этилди. Мулоқотда айтилишича, “Fraunhofer IPK”нинг амалий тадқиқотлар, технологиялар трансфери ҳамда давлат, академик доиралар, илмий-тадқиқот муассасалари ва саноат ўртасидаги ҳамкорлик бўйича тажрибаси Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон ва Германия ўртасида олий таълим, илм-фан, инновациялар ва саноат соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, илмий-тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш, технологиялар трансферини кенгайтириш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини рақамли трансформация қилиш масалалари муҳокама қилинди. Икки давлат ҳамкорлиги борасида таклифлар билдирилди. Хусусан, “Fraunhofer” халқаро мобиллик дастури ва “Fraunhofer Attractгрант” дастурлари асосида “Fraunhofer”–Ўзбекистон ёш тадқиқотчилар мобиллик дастури”ни йўлга қўйиш таклиф этилди. Дастур доирасида ўзбекистонлик ёш олимларни 3–6 ой муддатга “Fraunhofer” лабораторияларига юбориш ва уларнинг кейинчалик маҳаллий корхоналарда амалга ошириладиган тижоратлаштириш лойиҳаларига жалб этилиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, Тошкент давлат техника университети қошида “Сув ва яшил энергетика технологиялари” йўналишида “Fraunhofer Innovation Platform” ташкил этиш, Тошкент архитектура-қурилиш университетида робототехника ва сунъий интеллект бўйича рақамли лаборатория очиш ташаббуслари илгари сурилди. Бундан ташқари, саноат ва оқова сувлардан ресурсларни қайта ажратиб олиш бўйича қўшма пилот лойиҳани Германия Таълим ва тадқиқотлар федерал вазирлигининг Марказий Осиё учун грант дастурига биргаликда тақдим этиш, илмий ишланмаларни халқаро платформалар орқали саноатга интеграция қилиш ва уларни тижоратлаштириш бўйича “Fraunhofer” тажрибасидан фойдаланиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА