Ғолиблар мамлакат босқичида қатнашади
Бухоро шаҳридаги “Ливадия – Бухоро” хусусий корхонасида ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, айниқса, мева-сабзавотларни қуритиш ускунаси харидорларга манзур бўлмоқда.
Бухоро шаҳридаги “Ливадия – Бухоро” хусусий корхонасида ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, айниқса, мева-сабзавотларни қуритиш ускунаси харидорларга манзур бўлмоқда.Мева-сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари, агрофирмаларнинг яқин ҳамкорига айланган корхонада ишлаб чиқарилаётган мева-сабзавот қуритиш ускуналари хорижникидан асло қолишмайди. Энг муҳими, ушбу ускуналарда қуритилган маҳсулотлар ўзининг табиий хусусиятини сақлаб қолади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус – 2015” республика кўрик-танловининг Бухоро вилояти босқичида ҳам мазкур корхона маҳсулотлари юқори баҳоланиб, унинг раҳбари Илҳом Сайфиев “Йилнинг энг яхши тадбиркори” деб эътироф этилди.
– Ускуналаримизни тўлов муддатини узайтирган ҳолда сотишни йўлга қўйдик, – дейди “Ливадия-Бухоро” корхонаси раҳбари Илҳом Сайфиев. – Бу нафақат фермерлар, балки агрофирмалар, қишлоқ аҳолиси учун ҳам қулайдир. Айни пайтда 50 киши меҳнат қилаётган корхонамизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиб, қадоқлаш ҳам йўлга қўйилган. Бундай маҳсулотларга ташқи бозорда қизиқиш ортмоқда. Сўнгги олти ой мобайнида 150 минг долларлик қуритилган маҳсулот экспорт қилдик. Йил охирига қадар экспорт ҳажмини 500 минг АҚШ долларига етказишни режлаштирганмиз.
Тадбир доирасида иштирокчилар томонидан ташкил этилган енгил саноат моллари, турли хомашё ва улардан тайёрланган буюмлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ҳунармандлик буюмлари кўргазмаси йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.
Жондор туманидаги кўптармоқли “Бўстон Назар” фермер хўжалиги раҳбари Назар Ҳожиев “Йилнинг энг яхши фермери”, Бухоро туманидан Акмал Муҳиддинов “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” номинацияси ғолиби бўлди. Танловда, шунингдек, ўндан ортиқ номинация бўйича ғолиблар аниқланиб, тақдирланди.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими М.Эсонов сўзга чиқди.