ОКМК темирйўлчилари касб байрамларини нишонлади
Маълумки, август ойининг биринчи якшанбаси юртимизда темир йўл транспорти соҳаси ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Ушбу сана муносабати билан ОКМК Саноат темир йўл транспорти бошқармаси меҳнат жамоаси учун байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда сўз олган “Олмалиқ КМК” АЖ бошқарув раиси, сенатор Абдулла Хурсанов комбинат темирйўлчиларини касб байрамлари билан қутлаб, ўзининг самимий тилакларини билдирди. Меҳнат жамоаси комбинат технологик ишлаб чиқариш занжирида муҳим аҳамият касб этишини, инвестиция лойиҳаларида ҳам фаол иштирок этаётганини таъкидлаб ўтди.

Сана муносабати билан кўп йиллар давомида корхонада самарали меҳнат қилиб келаётган 3-сонли темирйўл цехи участка устаси Улуғбек Қосимов иккинчи даражали “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони билан, Бош энергетик Дилмурод Ражабов ҳамда Норуда қурилиш материаллари карйери бошлиғи Баҳром Абдуқаҳҳаров учинчи даражали “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шунингдек, 4 нафар ишчи-ходимларга Фахрий Ёрлиқ ҳамда 15 нафар темирйўлчиларга қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
Корхонада меҳнат қилиб келаётган ёш мутахассислар томонидан энергия тежамкор ва ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш бўйича рационализаторлик таклифлари танловда эътироф этилиб, уларнинг 17 таси махсус комиссия тасдиғидан ўтиб, ишлаб чиқаришга жорий этилган. Шундан 11 таси бўйича ҳозирги кунга келиб 4,34 млрд сўм иқтисодий самарага эришилган.

Тадбирда рационализаторлик таклифлари билан танловда иштирок этган бир гуруҳ мутахассисларга ҳам пул мукофотлари туҳфа этилди. Тўкин дастурхон атрофида жам бўлган темирйўлчиларга “Металлург” МС ижодий гуруҳлари томонидан тайёрланган контсерт дастури манзур бўлди. Айниқса, таниқли эстрада хонандаси Умар Шамсиевнинг дилрабо тароналари барчани рақсга чорлади.


Мазкур корхона жорий йилнинг биринчи ярмида барча ишлаб чиқариш вазифаларини ёруғ юз бажаришди. Хусусан, тоғ жинсларини ташиш режаси 102,5 фоизга, ер устки қатламлари ташиш режаси 105,1 фоизга бажарилди. Жами ташишлар ҳажми 101,2 фоизни ташкил этди. 2,7 километр янги темир йўл қурилиб, 6,7 километр темир йўллар капитал таъмирланди. 6,3 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланиб, режа 126 фоизга адо этилди.
А. Мусаев, ЎзА.