Оилаларда муроса ва тотувлик – "Ўзбекистон–2030" стратегиясининг устувор мақсадларидан бири
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг янги лойиҳаси Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларининг тобора илдамлашувида янги истиқболларни очмоқда.
Мазкур лойиҳа оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, унинг тотувлиги ва ривожига оид янги истиқболларни кўзда тутиши билан диққатга сазовор.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси янги лойиҳасининг оилалар аҳиллиги, эзгу қадриятларимиз бардавомлигини сақлашдаги ўрни ҳақида “Оила ва гендер” илмий тадқиқот институти бўлим бошлиғи Хуршида Сайдивалиева қуйидагиларни гапириб берди:
– “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг янги лойиҳасида мамлакат ижтимоий тараққиётига доир бир қатор устувор йўналишлар белгиланган бўлиб, улар орасида оилани мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш асосий вазифалардан бири сифатида қайд этилган. Жумладан, Стратегиянинг 25-мақсади айнан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳамда гендер тенгликни қарор топтиришга қаратилган.
Мазкур мақсад доирасида оилавий низоларни ҳал этиш, низоли оилаларни соғлом муҳитга қайтариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, ҳар қандай жамиятнинг пойдевори бўлган оила мустаҳкам ва тинч бўлсагина, юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигига эришиш мумкин. Шу боис, Янги Ўзбекистон шароитида низоли оилалар муаммосини бартараф этиш – давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда оилалардаги низоли ҳолатларни эрта аниқлаш ва бартараф этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир маҳалла ва ҳудудда тегишли идоралар ва жамоат тузилмалари ҳамкорлигида “нормал муҳитдан чиқиб қолган” оилаларни рўйхатга олиш ва улар билан индивидуал ишлаш тизими йўлга қўйилди.
Хусусан, 2022 йил март ойидан бошлаб «Низоли оилалар билан индивидуал ишлаш дафтари» жорий этилди. Бу орқали ҳар бир муаммоли оила ёки унинг вакиллари билан манзилли иш олиб бориш механизми ишлаб чиқилди. Бунда фақат маҳалланинг хотин-қизлар фаоли ёки оила масалалари бўйича мутасаддисигина эмас, балки профилактика инспекторлари ва бошқа тегишли идоралар вакиллари ҳам жалб этилиб, ҳар бир низоли оила ҳолати ўрганилмоқда.
Шу тарзда, жойларда махсус гуруҳлар “нотинч” оилалар билан суҳбатлар, маслаҳатлар ўтказиб, зарур ҳолларда психологик ёрдам ва ҳуқуқий кўмак бериб келмоқда. Шу билан бирга, маҳаллалар даражасида хотин-қизлар фаоллари фаолиятини баҳолаш мезонлари такомиллаштирилгани эътиборга молик. Энди фақат сон билан ҳисобот бериш эмас, балки ҳар бир оилада ҳақиқий тинчлик ва аҳилликка эришиш асосий мақсад қилиб қўйилган. Демак, бугунги кунда низоли оилалар билан ишлаш давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан комплекс ва тизимли амалга оширилмоқда.
“Ўзбекистон–2030” стратегияси доирасида низоли оилалар муаммосини ечиш юзасидан аниқ мақсад ва кўрсаткичлар белгилангани ушбу саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқмоқда. Хусусан, 25-мақсад доирасида жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка муросасизлик муҳитини яратиш ҳамда аёллар ҳуқуқларини таъминлаш вазифаси қўйилган.
Бу эса оила доирасидаги можароларнинг олдини олиш, аёллар ва болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш, деганидир. Энг муҳими, ушбу стратегияда илк бор низоли оилалар сонини кескин қисқартириш бўйича аниқ миқдорий натижа белгиланди: яъни 2030 йилгача 91 мингта оилани соғлом ва аҳил турмуш тарзига қайтариш режаси илгари сурилган.
Албатта, низоли оилаларни соғломлаштириш – фақат рақамгина эмас, балки минглаб аёллар ва болаларнинг тақдири, уларнинг хонадонига тинчлик ва бахт олиб келиш демак. Стратегияда белгиланган мазкур кўрсаткичлар тўғри ва вақтида қўйилган чора деб баҳолаш мумкин. Зеро у давлат органларини аниқ натижага йўналтириб, масъулиятни оширади.
Низоли, нотинч ва ажрим ёқасида турган оилаларни муросага келтириш бўйича аниқ босқичма-босқич мақсадлар белгиланган. 2026 йилда 17–19 минг оилани қамраб олишдан бошлаб, кейинги йиллардаги қамров кенгайиб боради: 2027 йилда — 38 минг, 2028 йилда — 56 минг, 2029 йилда — 74 минг ва 2030 йилда — 91 минг оилагача. Бу рақамлар стратегик ижтимоий барқарорликни яратишга қаратилган режали ёндашувни акс эттиради.
Ҳар йили 17–19 мингга яқин низоли оилани “E-ijtimoiy profilaktika” тизими орқали муросага келтириш назарда тутилган. Умумий беш йиллик мақсад 91 минг оилани қамраб олади. Бу режа фаол профилактика усули асосида амалга оширилмоқда, яъни муаммоли ҳолатлар вужудга келмасидан аввал аниқлаш ва олдини олиш мақсад қилинган.
Биринчидан, бу кўрсаткичлардаги ўсиш динамикаси шундан далолат берадики, ҳар йили тизим имкониятлари ва инсон ресурслари кенгайиб боради, яъни профилактик хизматлар, психологик ёрдам марказлари, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари тайёргарлиги ва рақамли мониторинг механизмлари такомиллашади. Бу эса кўпроқ оилаларни қамраб олиш ва муаммоларни эртароқ ҳал этиш имконини беради.
Иккинчидан, бу ёндашув орқали манзилли ёрдамга муҳтож оилалар аниқланиб, улар билан индивидуал тарзда иш олиб бориш, кейс менежмент усуллари, оилавий медиация усулларини қўллаш имконияти кенгаяди.
Учинчидан, бу жараён оилалар билан ишлашда узоқ муддатли кузатув ва таҳлил имкониятини ҳам яратади. Соғломлаштирилган оилаларнинг кейинги йиллардаги ҳолатини ўрганиш орқали олинган тажриба келажакда самарали ечимларни шакллантиришда асос бўлади.
Илмий манбаларда таъкидланганидек, низоли муҳитда ўсган болаларнинг келгусида ўша низони қайта такрорлаш эҳтимоли юқори бўлади. Демак, ҳар бир муросага эришилган оила нафақат бугунги кун учун, балки келажак авлоднинг барқарор ва соғлом ривожланиши учун қўйилган муҳим қадам ҳисобланади.
Қолаверса, бу каби чора-тадбирлар ижтимоий барқарорликни таъминлаш, хотин-қизлар хавфсизлигини кафолатлаш ва оила институтини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Давлат учун эса бу стратегик жиҳатдан тўғри йўл. Чунки ажрим оқибатида юзага келадиган ижтимоий ва иқтисодий йўқотишлар (ижтимоий нафақалар, болалар уйлари, суд ишлари, психологик хизматлар) олдини олади.
ЎзА мухбири
Н.Усмонова ёзиб олди.