Огоҳлик ва ислоҳ учун берилган имконият
Жиноят содир этган ҳар бир шахс учун жазонинг асосий мақсади уни жазолаш эмас, балки тўғри йўлга қайтариш, қилган хатосидан хулоса чиқаришига кўмаклашишдан иборат. Афсуски, айрим фуқаролар бу имкониятнинг қадрига етиб бормайди ва ўз хатоларини кеч англайди.
Суд томонидан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган маҳкумларга белгиланган талаб ва чекловларга қатъий амал қилиш юзасидан бир неча бор ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. Масъул идоралар томонидан улар билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, огоҳлантириш чоралари кўрилган.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди томонидан ўтказилган сайёр суд мажлисида бир гуруҳ маҳкумларни муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳақидаги тақдимномалар кўриб чиқилди. Суд жараёнида ҳар бир маҳкумнинг хулқ-атвори, жазони ўташ давридаги муносабати, белгиланган талабларга риоя қилиши ҳамда тузалиш йўлига ўтгани атрофлича ўрганилди.

Натижада жазога виждонан муносабатда бўлган, ўз хатосидан тўғри хулоса чиқарган 50 нафардан ортиқ маҳкумнинг муддатидан аввал шартли озод қилиниши ҳақида қарор қабул қилинди. Бу уларнинг жамиятга қайтиши ва янги ҳаёт бошлаши учун яна бир имконият бўлди.

Суд мажлисида таъкидланганидек, ҳаётда ҳар ким адашиши мумкин. Бироқ инсоннинг қадри хатони тан олиб, ундан тўғри хулоса чиқариши ва келажакда бундай ҳолатларга йўл қўймаслиги билан белгиланади. Шу боис суд томонидан қонуний асосларга мос деб топилган тақдимномалар қаноатлантирилди ҳамда маҳкумларга шартли озодликнинг мазмун-моҳияти ва ундан келиб чиқадиган масъулиятлар юзасидан қўшимча ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири