Оғир тоифадаги туманлар ривожлантирилади
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Қуйи Чирчиқ ва Оққўрғон туманларида амалга оширилиши режалаштирилган инфратузилмавий ва инвестицион лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Хусусан, Қуйи Чирчиқ тумани ҳокими А. Холмуродов “Оғир туманларни ривожлантириш” дастури доирасида туманни комплекс ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини модернизация қилиш, йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш, саноат салоҳиятини ошириш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган умумий қиймати 60 миллиард сўмлик лойиҳалар пакети ҳақида ахборот берди.

Қайд этилганидек, марказий кўчаларни реконструкция қилиш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш, кўп қаватли турар-жой биноларини барпо этиш ҳамда ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Бу эса туман марказининг шаҳарсозлик қиёфасини янгилаш ва аҳолига қулай муҳит яратишга хизмат қилади. Маҳаллаларда тадбиркорлик зоналари ташкил этилади. Хусусан, “Ибрат”, “Навқирон”, “Шодлик” ва “Тинчлик” каби маҳалла фуқаролар йиғинларидаги кўчаларни комплекс реконструкция қилиш, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини жойлаштириш, жамоат ҳудудларини ободонлаштириш режалаштирилган.

Шунингдек, Шодлик маҳалласи ҳудудида 5 гектар ер майдонида саноат зонаси барпо этилади. У ерда ишлаб чиқариш қувватлари жойлаштирилиб, тадбиркорларга тайёр инфратузилма яратилади.
Тақдимотга кўра, автомобиль йўлларини таъмирлаш ва ички кўчаларни реконструкция қилиш, шунингдек, суғориш тармоқларини янгилаш ҳам кўзда тутилмоқда. Бу орқали транспорт ҳаракати хавфсизлиги таъминланиб, қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш имкониятлари кенгаяди.

Шунингдек, Оққўрғон тумани ҳокими Тўра Боболов ҳам тақдим этган лойиҳаларда ҳудуд бўйича амалга оширилиши режалаштирилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари акс этган. Бош режага кўра, Оққўрғон тумани марказида йирик рекреацион ҳудуд – дам олиш ва истироҳат боғи барпо этиш режалаштирилган. Лойиҳа доирасида замонавий боғ ва сайилгоҳлар, сув ҳавзалари атрофида пиёдалар йўлаклари, спорт ва болалар майдончалари, хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади.
Оққўрғонда реновация асосида кўп қаватли турар-жой бинолари қурилиши режалаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида 12 та 7 қаватли турар-жой бинолари қурилиб, 5 мингдан зиёд одамнинг уй-жой шароити яхшиланади. Муҳими, туман марказида замонавий муҳандислик тармоқлари билан таъминланган янги яшаш ҳудуди шаклланади.
Шунингдек, 9 та хизмат кўрсатиш бинолари барпо этилиб, тадбиркорлик субъектлари учун 100 та ер участкалари танланмоқда. Тақдимотда электр таъминоти, трансформатор пунктлари, сув ва канализация тармоқларини модернизация қилиш, ички йўлларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш бўйича режалар ҳам маълум қилинди.
Вилоят ҳокими ушбу лойиҳалар,энг аввало, Қуйи Чирчиқ ва Оққўрғон туманларини замонавий шаҳарсозлик тамойиллари асосида ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитларини яхшилаш ва инвестиция жозибадорлигини оширишга хизмат қилиши кераклигига эътибор қаратиб, лойиҳаларни босқичма-босқич ва сифатли амалга ошириш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини берди.
А. Мусаев, ЎзА