Ватанимиз тарихидаги 17 декабрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1474 йил (бундан 550 йил олдин) – тарихчи олим Бўрибой Аҳмедовнинг ёзишича, ҳижрий 879 йил шаъбон ойининг еттинчисида шанба куни (милодий 1474 йил 17 декабрда) Мирзо Улуғбекнинг шогирди, астроном ва математик олим, мутафаккир Али Қушчи Истанбулда вафот этди. Уни Истанбулдаги Аййуб Султон қабристонига дафн этдилар.
1809 йил (бундан 215 йил олдин) – Хива яқинидаги Қиёт қишлоғида Эрниёзбек мироб оиласида шоир, тарихчи ва таржимон Муҳаммадризо Огаҳий дунёга келди. У йигирма ёшида Хива хони Оллоқулихон томонидан мироб этиб тайинланган. Ўттиз олти ёшида отдан йиқилиб, оёғи “шакарланг” (шол) бўлиб қолган. У йигирма саккиз йил давомида мироблик қилиб, қирқ саккиз ёшида истеъфога чиққан. Олтмиш саккиз йил умр кўрган Огаҳий умрининг охиригача моддий муҳтож, ғамгин, касалманд аҳволда кун кечирган.
Унинг 18 минг мисрадан иборат лирик куллиёти – “Ошиқлар тумори” бизгача тўла етиб келган. Огаҳийнинг юксак инсонпарварлик руҳи билан суғорилган ғоялари хон ва шоир Муҳаммад Раҳимхон II Ферузнинг сиёсий-маърифий тарбиясига таъсир қилган. У тарихчи олим сифатида тарихий асарлар, Хива хонларига, йирик тарихий шахсларга бағишлаб қасидалар ёзган.
Огаҳийнинг “Қасидаи насиҳат” асари Ферузга бағишланган. Феруз Огаҳийнинг давлатни бошқариш тўғрисидаги маслаҳатларига қулоқ тутган, унинг ҳикматли байтларини мармар тошларга ёздириб, арзхоналарга қўйдирган, кўп эзгу ишларни амалга оширган.
1907 йил (бундан 117 йил олдин) – тарихчи Шаҳодат Муродованинг қайд этишича, Туркистон ўлкасида махфий разведка билан шуғулланувчи махсус орган – Туркистон район муҳофаза бўлими таъсис этилди. Бевосита марказга бўйсунувчи Ички ишлар вазирлигининг Полиция департаменти органини руслар “охранка”, маҳаллий аҳоли эса “сиёсий идора” деб атаган.
Маҳаллий аҳоли кайфиятини ўрганувчи, кенг жосуслик тармоғига эга бўлган “охранка” асосий диққатини етилиб келаётган озодлик ҳаракатига қаратди. Тараққийпарварларни, журналист, мударрис ва зиёлиларни рўйхатга олиш, норасмий кузатув ва турли овозалар тарқатиш, кези келганда иғвогарлик уюштириш унинг асосий мақсади бўлган.
У ўргимчакдек ўз тўрини ҳар бир шаҳар, туман, кишлоқ, маҳалла, хонадонларга, идора-ю корхоналарга ташлаган эди. Ҳар жойда ўз одамларига эга бўлган. “Тайёр ва кенг тармоқ отган ташкилот ва идораларга эга бўлган маъмурият ва полиция, – деб ёзилган эди бир ҳужжатда, – кенг аҳоли билан ҳар куни мунтазам тўқнашиб туради ва уни назорат килиш учун ажойиб имкониятга эга бўлажак”.
1920 йил (бундан 104 йил олдин) – Бухоро республикаси ҳукумати бошлиғи ва ташқи ишлар нозири Файзулла Хўжаев билан Афғонистон ташқи ишлар вазири Маҳмуд Тарзий ҳар икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилгани тўғрисида ёрлиқни ўзаро алмаштиришди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Бухоро республикаси мустақиллигини Россиядан кейин иккинчи бўлиб 1920 йил 26 октябрда Афғонистон эътироф этган эди.
1920 йил (бундан 104 йил олдин) – Туркистон АССР Халқ маорифи комиссарлигидаги театр бўлими ҳамма вилоят ва туманларда драматик труппалар тузиш тўғрисида қарор қабул қилди.
1925 йил (бундан 99 йил олдин) – актёр, режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти Ҳамза Умаров таваллуд топди. У театр саҳнасида ижро этган кўплаб ролларидан ташқари “Маҳаллада дув-дув гап” фильмида Умар, “Ўтган кунлар” фильмида Ҳомид каби образларни ҳам яратди. Дубляж санъатининг моҳир устаси сифатида мингдан ортиқ фильмга овоз берди.
1932 йил (бундан 92 йил олдин) – Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Худойберди Тўхтабоев таваллуд топди. У ўзбек болалар адабиётини жаҳон миқёсига олиб чиққан ижодкорлардан биридир.
1999 йил (бундан 25 йил олдин) – Хоразмда ўзбек адабиёти классиги Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 190 йиллигига бағишланган тантаналар бўлиб ўтди. Юбилей тадбирлари шоир дафн этилган “Шайх Мавлон бобо” қабристонини зиёрат қилиш билан бошланди. Юбилей тантаналари иштирокчилари Хива туманидаги Огаҳий уй-музейида ҳам бўлишди.
Сўнгра Хивадаги “Маъмун” академиясида “Шарқнинг маънавий-маърифий ривожланишида Огаҳий адабий-илмий меросининг аҳамияти” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Шундан кейин асосий юбилей маросимлари Урганч шаҳрига кўчди. У ерда иштирокчилар Огаҳий номи билан аталувчи майдонда унинг ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди. Огаҳий номидаги вилоят театрида ушбу санага бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.
2000 йил (бундан 24 йил олдин) – Тошкент шаҳри ва вилояти, Самарқанд ва Фарғона вилоятларига қадар эфирни узатиш имкониятига эга бўлган «Oriyat» телерадиокомпанияси ишга тушди.
2012 йил (бундан 12 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 5 боб, 26 моддадан иборат.
2014 йил (бундан 10 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “«Mahalla» маърифий телерадиоканалини ташкил этиш ва рақамли телекўрсатувларни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Японияга расмий ташрифи доирасида ушбу мамлакатда чоп этиладиган «Nikkei» газетасига интервью берди. 1876 йилда асос солинган, дунёдаги йирик молиявий нашрлардан бири бўлган ушбу газета 3 миллиондан зиёд нусхада чоп этилади.
2020 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалиги ерларини консервация қилиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”, “Республиканинг сейсмик фаол ҳудудларида жойлашган сув омборларида инструментал сейсмологик кузатувларни доимий амалга ошириш тизимини жорий этиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси агросаноат мажмуи ва қишлоқ хўжалигида рақамлаштириш тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади