Одил судлов натижалари муҳокама қилинди
Қашқадарё вилоят судида журналистлар иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда 2025 йил давомида одил судлов соҳасида амалга оширилган ишлар ҳамда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш натижалари ҳақида ахборот берилди.
Маълум қилиндики, 2025 йилда вилоят, туманлараро, туман ва шаҳар судларига жами 10 минг 667 та мурожаат келиб тушган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 263 тага кўп. Ушбу рақамлар аҳолининг суд органларига мурожаат қилишда фаоллиги ва очиқликка бўлган ишонч ортиб бораётганидан далолат беради.

Келиб тушган мурожаатларнинг 2 минг 276 таси умумий мурожаатлар бўлиб, ўтган йилга нисбатан 1 минг 153 тага кўпайган. Шахсий ва сайёр қабуллар орқали 2 минг 771 та мурожаат қабул қилинган бўлса, Президент виртуал ва халқ қабулхоналари ҳамда бошқа платформалар орқали 5 минг 630 та ариза келиб тушган.

Мазмун жиҳатидан қаралганда, 3 минг 187 та мурожаат суд қарорлари, 487 таси суд ҳужжатлари ижроси билан боғлиқ. Шунингдек, судьялар ва суд ходимларининг хатти-ҳаракатлари, ишларнинг кўриб чиқилиш муддатлари ҳам мурожаатларда акс этган.

Ўрганиш натижасида 304 та мурожаат қаноатлантирилган, 10 мингдан ортиқ мурожаат юзасидан фуқароларга тушунтириш берилган. 225 та мурожаат тегишли идораларга юборилган, айни пайтда 73 та мурожаат кўриб чиқилмоқда. Шу билан бирга, 487 та такрорий ва 318 та дубликат мурожаат мавжудлиги айрим масалалар аҳоли учун ҳануз долзарблигини кўрсатади.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, судларда мурожаатлар билан ишлаш тизими изчил такомиллаштирилмоқда. Ҳар бир аризага қонуний ва асосли жавоб бериш, фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар тақдим этиш одил судловни таъминлашнинг муҳим шарти сифатида қаралмоқда.

Мурожаатлар сонининг ортиши эса аҳолининг адолатга ишончи, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фаоллашиб бораётганидан дарак бермоқда. Бу эса суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самара бераётганини кўрсатади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири