Президентимизнинг 2026 йил 11 февраль куни қабул қилинган “2026 йилда Навоий вилоятини барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида бошқа соҳалар қатори туризмни ҳам ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Айниқса, Нурота туманининг табиий, маданий ва зиёрат салоҳиятини тизимли асосда ривожлантиришга қаратилган ёндашув ҳудуд иқтисодиётида янги ўсиш нуқталарини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Қарорда 2026 йил якунига қадар Нурота тумани марказий истироҳат боғида “Нақшлар ва нурлар” миллий каштачилик марказини барпо этиш ҳамда уни Чашма зиёратгоҳи билан боғлаган ҳолда ягона туризм ҳалқасини ташкил этиш вазифаси белгилаб берилган. Бу ташаббус оддий инфратузилма лойиҳаси эмас, балки туризмни иқтисодий ҳаракатлантирувчи кучга айлантиришга қаратилган комплекс ёндашувдир. Чунки зиёратгоҳ, ҳунармандчилик маркази ва савдо-хизмат кўрсатиш объектларини ўзаро боғлаш сайёҳларнинг туманда камида бир кун тунаб қолишини таъминлайди. Бу эса туризм хизматлари экспорти ва маҳаллий даромадлар ўсишига бевосита таъсир кўрсатади.

11 миллиард сўмлик “Каштачилик маркази”нинг ташкил этилиши натижасида 40 нафар хотин-қизнинг доимий бандлигини таъминлаш, 250 нафарини “уста-шогирд” анъанаси асосида ўқитиш имконини беради.
– Туманимизда зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида “Чашма” зиёратгоҳи Имом Бухорий мажмуаси ҳамда Етти пир зиёратгоҳлари билан боғланган “Туризм ҳалқаси” дастури ишлаб чиқилди, – дейди туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Лутфиёр Мансуров. – Маршрут таркибига 18 та маданий мерос объекти, 8 та туризм қишлоғи ва маҳалласи ҳамда 130 та туризм объекти киритилгани туман имкониятларининг қанчалик кенглигини кўрсатади. Бу эса ички ва ташқи туризм оқимини барқарор оширишга замин яратмоқда.

Самарқандда бўлиб ўтган Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессияси доирасида “2023 йилнинг энг яхши туризм қишлоқлари”ни тақдирлаш маросимида Сентоб қишлоғининг “Энг яхши туризм қишлоғи”, деб эътироф этилгани ҳам ҳудуднинг халқаро имижини оширди. Натижада АҚШ, Германия, Франция ва Испаниядан келаётган сайёҳлар сони 2,2 баробарга ошди.
Инвестиция лойиҳалари доирасида Айдаркўл бўйида “Қизилқум сафари” МЧЖ томонидан 200 ўринли ўтовли лагернинг барпо этилиши натижасида табиий туризм имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда. Лойиҳа доирасида 46 та ўтов, бир вақтнинг ўзида 500 нафар сайёҳга хизмат кўрсатиш имкониятига эга пляж ҳудуди, ресторан ва сервис хизматлари ташкил этилди. Бу ҳудудда янги иш ўринлари яратиш ва хизматлар экспортини оширишга хизмат қилмоқда.

2025 йилда 15 та оилавий меҳмон уйларининг ташкил этилгани эса туризмда кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликнинг улуши ортиб бораётганини кўрсатади.
Маълумотларга кўра, 2025 йил якуни бўйича туманга 151,2 минг нафар хорижий ва 917,6 минг нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, туризм экспорти ҳажми 45,3 миллион АҚШ долларига етказилган.


Энг муҳими туризмни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор фақат инфратузилмани янгилаш билан чекланиб қолмаяпти. У ҳудуд брендини шакллантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, миллий меросни асраб-авайлашга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
А. Бўриев, ЎзА мухбири