Нурота мактабларида иқтидорлар камол топмоқда
Навоий вилояти Нурота туманида таълим сифатини ошириш, ўқувчиларнинг иқтидор ва қобилиятини рўёбга чиқариш, уларнинг замонавий билим олиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни пайтда туманда 52 та умумтаълим мактаби ҳамда битта ихтисослаштирилган таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Уларда 13 минг 585 нафар ўқувчига 1 минг 798 нафар педагог сабоқ бермоқда.
Таълим сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бераётир. Жумладан, халқаро ва миллий сертификатларга эга ўқитувчилар сони 164 нафарга, ўқувчилар сони эса 278 нафарга етган.
Туман мактаблари ўқувчилари фан, спорт, интеллектуал ва маънавий-маърифий йўналишларда ўтказилаётган турли танлов ҳамда мусобақаларда муносиб иштирок этиб, қатор ютуқларни қўлга киритмоқда.
Хусусан, «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасидаги «Қувноқ стартлар» спорт мусобақасида 34-умумтаълим мактаби жамоаси вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллади. Стол тенниси бўйича 6-умумтаълим мактаби ўқувчиси, волейбол бўйича эса 18-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби жамоаси учинчи ўринга сазовор бўлди.
Шунингдек, умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган «Билимдон болалар» телешоусининг 6-синфлар ўртасидаги баҳсларида 32-умумтаълим мактаби ўқувчиси Сарвар Мустафоев мутлақ ғолибликни қўлга киритди.
Иқтидорли ўқувчилар иштирокида ташкил этилган республика «Мунозара» турнирининг финал босқичида Нурота тумани жамоаси фахрли иккинчи ўринни эгаллади.
«Ватан таянчи» отрядлари ўртасида ўтказилган «Ватанпарвар» ҳарбий-спорт ўйинларида 18-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг «Қалқон» жамоаси вилоят босқичида иккинчи ўринга муносиб кўрилди.
«Биз иқтидор эгаларимиз» спорт мусобақасининг вилоят босқичида ҳам нуроталик ўқувчилар фаол иштирок этди. Жумладан, 3-умумтаълим мактаби ўқувчиси Райҳона Намозова қизлар ўртасида иккинчи, Аваз Аслонов ўғил болалар ўртасида учинчи ўринни эгаллади. Замира Муротова эса «Энг шижоатли қиз» номинацияси ғолиби бўлди.
Ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг қизиқиш ва қобилиятларини ривожлантириш мақсадида туман мактабларида 19 йўналишдаги фан тўгараклари ҳамда «Беш ташаббус» доирасида 8 йўналишдаги тўгараклар фаолият юритмоқда.
[gallery-32317]
Эришилаётган бу каби натижалар замирида ўқувчиларнинг интилиши, устоз-мураббийларнинг фидокорона меҳнати ва таълим муассасаларида олиб борилаётган изчил ишлар мужассам.
Нурота туманида таълим соҳасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ёш авлоднинг билим ва салоҳиятини юксалтириш, иқтидорини қўллаб-қувватлаш ҳамда келгусида янги ютуқларга эришиши учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА