Нодирбек Абдусатторов: "Элимизнинг дуоси сабаб ғалаба қозондик" (+видео)
Кўксарой қароргоҳида 29 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида шахмат ва парашахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоалари аъзолари билан учрашув ҳамда уларга давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига мувофиқ, Самарқандда ўтган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида эришилган юксак натижалар учун Нодирбек Абдусатторов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан тақдирланди.
– Ғалабаларимиз ортида катта меҳнат, авваламбор, муҳтарам Президентимизнинг эътиборлари ётибди. Ўйинлар мобайнида буни ич-ичимиздан ҳис қилиб турдик, – деди Нодирбек Абдусатторов. – Бутун халқимиз бизни кузатди, ҳаттоки Самарқандга бориб, ўйин майдонида бевосита кузатиб, қўллаб-қувватлади. Уларнинг дуолари сабабли мусобақада ғалаба қозондик.
Биз Ҳиндистон, Хитой, АҚШ ва Германия каби шахмат оламининг энг кучли давлатлари билан дона сурдик. Улардан учтасини мағлубиятга учратишга муваффақ бўлдик. Шунга қарамай, энг асосий рақибимиз барибир Ҳиндистон эди. Чунки улар 2024 йилги Будапешт олимпиадасида чемпионликни қўлга киритишган. Шу боис уларга қарши баҳс биз учун ҳақиқий „ҳаёт-мамот“ жангига айланди. Ҳиндистон устидан қозонилган ғалабадан сўнг ўзимизга бўлган ишончимиз янада ортди, қолган рақиблар билан ҳам бемалол кураша олишимизни ҳис қилиб, улардан устун эканимизни амалда исботладик
Яна бир вазият, Германияга қарши баҳс ҳам қийин бўлди. Ўша баҳсдан кейин бироз тушкунликка тушдик. Лекин мураббий Рустам Қосимжоновнинг таскини, кўмаги бизга далда бўлди. “Ўзбекистон бизга қараб турибди, ишонч билдиряпти, уни оқлаб, уйимизга борайлик. Юзимиз ёруғ, шодон боришга ҳаракат қилайлик”, дедилар. Мамнунмизки, ишончни оқладик.
Дарҳақиқат, шахмат ўйини жуда фойдали. Фикрлашни ривожлантиради. Кимдир шахматда юқори даража, яъни чемпионликка эришмаган бўлса ҳам, у ҳаётда, мактабда, ўқишда, таълимда, узоқ-узоқни кўра олиш, англаш даражасини ривожлантиради.
Видеоси қуйида:
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ (фото),
Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (видео), ЎзА