Нодир танга ва тақинчоқлар божхонада ушлаб қолинди
Сурхондарё вилоятидаги “Сариосиё” чегара божхона пости орқали хорижга отланган йўловчилар белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилаётганида улардан бирининг қўл юклари орасидан ноёб тақинчоқлар топилди.
Йўловчи божхона ходимининг сўровига маълум қилмай яширинча олиб ўтишга уринган икки дона қадимий кумуш узук, икки дона олд ва орқа томонларида турли шакллар акс этган танга ҳамда 22 та аралаш шакллардаги элементлардан иборат билак тақинчоқлари билан қўлга тушди.


Нодир бойликларнинг тарихий ва маданий аҳамиятини аниқлаш учун тайинланган бадиий экспертиза хулосасига кўра, божхоначилар ушлаб қолган тангалар Эрон ва Афғонистон ҳудудларига оид XIX асрга тегишли экани маълум бўлди. Шунингдек, билак тақинчоқлари XX аср бошларида яратилгани аниқланди.


– Маданий бойликлар тарихнинг бебаҳо дурдонаси саналади, – дейди вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шоҳрўз Ўралов. – Афсуски, айрим ҳолатларда уларни мамлакатимиздан ноқонуний олиб чиқишга уринишлар учраб туради. Бу сафар ҳам зийрак божхоначиларимиз ана шундай нодир бойликнинг четга чиқиб кетишининг олдини олди. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 23 мартдаги тегишли қарорига мувофиқ, яратилганига 50 йил ва ундан ортиқ вақт ўтган маданий бойликларни мамлакатимиз ҳудудидан олиб чиқиш ман этилган.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири