Низоли оилалар муаммосига амалий ечим изланди
Гулистон шаҳрида Сирдарё вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан “Ажрим – ечим эмас” мавзусида семинар ташкил этилди. Тадбирда жамиятнинг долзарб масалаларидан бири бўлган оила мустаҳкамлигини таъминлаш, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатларининг олдини олиш, оилавий низоларни барвақт бартараф этиш ҳамда ажримлар сонини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Семинарда суд, прокуратура, ички ишлар органлари, Сирдарё вилояти Адлия бошқармаси, Мажбурий ижро бюроси вилояти бўлими, туман ва шаҳар ҳокимларининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, отинойлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққан Сирдарё вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси психолог координатори Лола Эсантурдиева бугунги кунда ёш оилаларда учраётган келишмовчиликлар, турли сабабларга кўра юзага келаётган оилавий низолар ва уларнинг келиб чиқиш омиллари ҳақида атрофлича фикр билдирди. У айниқса, оиладаги зиддиятларнинг фарзандлар руҳияти ва тарбиясига салбий таъсирига алоҳида тўхталиб, бу каби ҳолатларнинг олдини олишда давлат идоралари, маҳалла институтлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчиликнинг ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, семинар давомида мутахассислар томонидан оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг эҳтимолий хавфлари, оилавий низоларни судгача ҳал этиш механизмлари, хотин-қизларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ҳамда психологик ёрдам кўрсатиш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир доирасида турли муаммоларга дуч келган хотин-қизлар учун очиқ мулоқот ҳам ташкил этилди. Унда иштирокчилар ўзларини қийнаётган масалалар юзасидан мутасаддиларга бевосита мурожаат қилиш имкониятига эга бўлишди. Жумладан, 18 нафар хотин-қиз оилавий муносабатлар, ҳуқуқий масалалар, моддий қийинчиликлар ҳамда бошқа ижтимоий муаммолар юзасидан мурожаат қилди.
Очиқ мулоқот давомида ажрим арафасида турган бир оиланинг мурожаати зудлик билан кўриб чиқилди. Яраштирув комиссияси аъзолари шу куннинг ўзида ушбу хонадонга ташриф буюриб, эр-хотин ва уларнинг яқинлари билан суҳбат ўтказди. Ўзаро мулоқот ва тушунтириш ишлари натижасида оила яраштирилиб, ажримнинг олди олинди.
Оқолтин тумани ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Шоира Қаршибоевага кўра, тадбирнинг асосий мақсади ажрим ёқасига келиб қолган оилалар ҳамда турли масалалар юзасидан мурожаат қилган хотин-қизларнинг муаммоларини масъул идоралар иштирокида жойида ҳал этишдан иборат бўлди.
— Тадбирнинг энг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, оилавий муаммоларни бартараф этишга масъул бўлган барча ташкилотлар бир майдонда жамланди. Жумладан, суд, прокуратура, ички ишлар органлари, Мажбурий ижро бюроси, Бандлик хизмати, Инсон ижтимоий хизматлар маркази, ФҲДЁ органлари ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари мурожаатчилар билан бевосита ишлашди. Тадбир давомида алимент ундириш, ажрим жараёнлари, оилавий келишмовчиликлар ҳамда бошқа ҳуқуқий-ижтимоий масалалар юзасидан келиб тушган мурожаатлар ҳар бир масъул ташкилот иштирокида атрофлича кўриб чиқилди. Фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар, амалий тавсиялар ва зарур йўл-йўриқлар берилди, — дейди Шоира Қаршибоева.
[gallery-30353]
Тадбир якунида оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ажримлар профилактикасини кучайтириш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда идоралараро ҳамкорликни янада такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, белгиланган вазифаларнинг самарали ижросини таъминлаш мақсадида аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган йўл харитаси ишлаб чиқилди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат, видео), ЎзА