Наврўз кунларида халқимизнинг умуммиллий бирдамлиги, бунёдкорлик салоҳияти янада яққол намоён бўлмоқда
“Янги Ўзбекистон” боғида Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросим давом этмоқда.
–Бугун баҳорни соғинган юракларимиз янги кун, янги ҳаёт шукуҳи билан яшамоқда.
Осмондан обираҳмат ёғилиб, дарё ва кўлларимиз сувга тўлмоқда. Боғларимиз, қир ва адирларимиз ўт-ўланлар билан қопланиб, йилимиз баракали бўлишидан дарак бермоқда.
Шаҳар ва қишлоқларимиз, водий ва воҳаларимизда сайил-томошалар бошланмоқда.
Янгиланиш фасли бўлган Наврўз кунларида халқимизнинг умуммиллий бирдамлиги, бунёдкорлик салоҳияти янада яққол намоён бўлмоқда, – деди Президентимиз.
Наврўз қадриятларига содиқ бўлиб, миллати, тили, динидан қатъи назар, ҳар бир юртдошимизни, бутун эл-юртимизни рози қилиш йўлидаги ишлар янги босқичга кўтарилмоқда. Бу йилги байрамни “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир”, деган даъваткор ғоя асосида ўтказилаётгани ҳам бунинг яна бир тасдиғидир.
ЎзА