Навоийнинг “Вақфия”си: Халқ ва илм-фан учун сарфланган хазина
Улуғ мутафаккир Алишер Навоий ўз даврининг энг бадавлат кишиларидан бири эди. Аммо у бу битмас-туганмас бойликни шахсий манфаати йўлида сарфламади. Милоднинг 1481 йилида қирқ ёшни қаршилаган давлат арбоби тарихий қадам ташлади. У Ҳирот шаҳрининг Инжил ариғи ёқасида муҳташам масжид, мадраса ва хонақоҳ қурилишини якунлади. Ушбу масканларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида улкан даромад келтирувчи ерлари, боғлари ва дўконларини вақф қилди. Бу воқеа тарих саҳифаларида янги дурдона – “Вақфия” асарининг яратилишига асос бўлди.
Одатда вақфномалар фақатгина мулкни тақсимлашга оид ҳужжат саналиб, қозиларнинг муҳрлари билан тасдиқланган. Бироқ Навоий қаламига мансуб ушбу битик анъанавий қолипларни бузиб юборади. Икки қисмдан иборат насрий асарнинг кичик бир бўлагигина вақф қилинган мулклар рўйхатига ажратилган. Аниқроғи, “маҳдудод” деб номланган бу қисм умумий ҳажмнинг ўндан бирини ташкил этади. Қолган тўқсон фоиз матн шоирнинг ўз ҳаёти, фаолияти ва келажакдаги орзу-мақсадлари баёнидан иборатдир. Бу битик орқали муаллиф ўтган умрини теран сарҳисоб қилади. Шу тариқа, ушбу манба ҳуқуқий ҳужжатдан ноёб тарихий-автибиографик асар даражасига кўтарилади.
Мутафаккир ўз ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўз юритар экан, бошқарувнинг қатъий қоидаларини белгилаб беради. Бу ўринда ҳукмдорга содиқлик ва ҳалқ манфаатини шахсий истаклардан устун қўйиш тамойили бош ўринга чиқади. Навоий нафс хуружидан тийилиш, жамиятда адолат ўрнатиш ва зулмга қарши муросасиз курашиш лозимлигини уқтиради. Одамларнинг ҳожатини чиқариш ва элга беминнат хизмат қилиш унинг учун олий саодат эди. Айниқса, зулмга қарши кураш ҳақида сўз кетганда, шоир қаламидан отилиб чиққан дард ўқувчини ўйга толдиради. Бу фикрлар тасодифан туғилмагани, балки буюк қалб эгасини узоқ вақт қийнаб келган чуқур мушоҳадалар меваси экани яққол сезилади.
Саройдаги фаолият ҳеч қачон осон кечмаган. Доимий фитналар ва мураккаб шароит арбобдан ўта ҳушёрликни талаб этарди. Навоий бу оғир вазиятни кичик бир рубоий орқали жуда теран тасвирлаб беради. У шоҳ хизматига кирган кишига қарата: “Кўру кару лангу шол керактур ҳосил”, дея кесатиқ билан ёзади. Сарой сирларини ошкор қилмаслик учун тилни гунг қилиш энг мушкул вазифа эканини аччиқ ҳақиқат сифатида келтиради. Шу билан бирга, асарда Ҳусайн Бойқаронинг тахтга келгач, турли уруғ ва қабилаларга қилган оқилона муносабати алоҳида қайд этилади. Бу тадбир паркандаликнинг олдини олишда қанчалик муҳим қадам бўлгани асослаб берилган.
Асарнинг мулк тақсимотига бағишланган қисми ўша давр иқтисодий қудратининг мукаммал манзарасини яратади. Навоий барпо эттирган “Ихлосия” мадрасаси, “Халосия” хонақоҳи ва “Дор ул-ҳуффоз” таъминоти учун кенг экинзорлар, тим ва тимчалар, дўконлар ажратилган. Иккита кориз ва бутун бир кент вақф мулкига айлантирилган. Экинзор ва боғларнинг майдони жариб ҳисобида аниқ кўрсатиб ўтилган. Илм аҳлига белгиланган маошларнинг аниқ миқдори ўқувчини ҳайратга солади. “Арбоби вазоиф” фаслида икки мударриснинг ҳар бирига йилига бир минг икки юз олтин ва йигирма тўрт юк ғалла ажратилгани баён қилинган. Бу рақамлар илм-фанга берилган юксак эътиборнинг яққол далилидир.
Талабаларнинг билим даражасига қараб турлича нафақа (стипендия) белгиланиши таълимдаги юксак адолат намунасидир. Йигирма икки талабадан аъло ўқиган олтитасига ҳар ойда йигирма тўрт олтин ва беш юк буғдой берилган. Ўрта баҳога ўқиганлар ўн олти олтин, паст баҳолилар эса ўн икки олтин стипендия олган. Худди шу тарзда ҳофизлар, шайх, имом, фаррош ва ходимларнинг иш ҳақлари ҳам аниқ белгилаб қўйилган. “Равотиб” қисмида Рамазон ойи ва ҳайит кунларида халойиққа таом тарқатиш тартиби баён этилади. “Шароит” қисмида эса мадраса аҳли учун сотиб олинадиган кийим-кечак ва биноларни таъмирлаш қоидалари майда деталларигача ёзиб қолдирилган.
Ушбу қатъий иқтисодий ҳисоб-китоблардан ташқари, битикнинг асосий қисми нодир сўз санъати билан сайқалланган. Асар сажъ, яъни қофияли наср ва турли бадиий санъатлардан фойдаланган ҳолда битилган. Унда мемуар хусусиятига эга парчалар, шеърлар ва лирик тасвирлар мужассам. Муаллиф ташбеҳ, муболаға ва тафрит каби бадиий усуллар орқали ўз руҳий ҳолатини теран очиб беради. Навоий ўзининг муқаддас ҳаж сафарига бориш ва янги асарлар яратишдек икки буюк орзусини шу китоб саҳифаларига муҳрлайди. Бу эса унинг нақадар пок ниятлар ва юксак тафаккур билан яшаганидан, улуғвор сиймосидан далолат беради.
Буюк мутафаккир яратиб кетган бу мерос фақатгина ўтмишнинг молиявий қайди эмас. У туркий халқлар давлатчилигида иқтисодий қудрат, илм-фанга ҳомийлик ва юксак маънавият қандай уйғунлашганини кўрсатувчи ёрқин кўзгудир. Навоий барпо этган иншоотлар ва уларнинг узлуксиз фаолияти учун яратилган пухта тартиб бизнинг қанчалик буюк тарихга эга эканимизни намоён этади. Ўз даврининг энг қудратли арбоби халқ фаровонлиги ва маърифат йўлида бутун борлиғини бахш эта олиши асл қаҳрамонликдир.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА