Навоийлик электромонтёр аёл
Электр энергетика соҳаси кўпчилик тасаввурида эркаклар ишлайдиган йўналиш деб, ҳисобланади. Аммо, “Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси”да бунинг аксини кўриш мумкин. Корхонада ишлайдиган ходимларнинг 100 дан зиёди хотин-қизларни ташкил этади.
Ушбу корхона ходими – Алёна Карпованинг энергетика соҳасида ишлаганига 27 йил тўлди. Ҳозирда у "Навоий ҲЭТК" АЖ бешинчи подстанциясида техник хизмат кўрсатиш бўйича электромонтёр бўлиб ишлаб келмоқда. Меҳнат фаолиятини энергетик сифатида, 1994 йилда Учқудуқ туманида Навоий КМК бўлимларидан бирида электр жиҳозларини эксплуатацияси бўйича мутахассис сифатида бошлаган. Сўнг узоқ вақт давомида Навоий шаҳрига хизмат кўрсатадиган бригаданинг электромонтёри бўлиб ишлаган. Эркак ҳамкасблари билан бир қаторда фавқулодда электр токи ўчган жойларни бартараф этиш ишларида қатнашиб, тез фурсатларда истеъмолчилар “чироғ”ини ёқиб келмоқда.
– Бизнинг ишимизда масъулият, эътибор, қатъият ва касбини севиш муҳим аҳамият касб этади, - дейди Алёна Карпова. – Соҳага оид нима янги маълумот эшитсам ёки кўриб қолсам, албатта ўрганишга ошиқаман. Ишимизда фавқулодда вазиятлар унчалик кўп бўлмасада, бироқ об-ҳаво ёмон томонга ўзгаришни бошласа, доимо ичимизда хавотир уйғонади.
Ҳар қайси аёл аввало она, оила бекасидир. Оналик бурчини, фарзандлар тарбиясини энг биринчи вазифа, деб биладиган А.Карпова турмуш ўртоғи Владимир Карпов билан икки нафар ўғлини оқ ювиб, оқ тараб вояга етказди. Кенжа фарзанди Андрей онасининг касбига ҳавас қилиб, Навоий давлат кончилик институтининг энергетика факултетида таҳсил олмоқда.
[gallery-1443]
Сирож АСЛОНОВ олган суратлар.