Навоийда оммавий югуриш марафони ўтказилди
Навоийда хотин-қизларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш ҳамда оммавий спортни кенг тарғиб қилиш мақсадида “Соғлом оила учун бирлашайлик” шиори остида оммавий югуриш марафони ташкил этилди.
Унда Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирок этиб, хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда бу каби тадбирларнинг аҳамияти юқори эканлигини таъкидлади.

Марафонда барча соҳаларда меҳнат қилаётган хотин-қизлар, ўқитувчилар, шифокорлар, тадбиркорлар, талабалар ва уй бекалари иштирок этди.

– Мен 32 ёшдаман. Ҳозирги кунда фарзанд тарбияси билан бандман. Оилам мен учун энг катта қадрият ҳисобланади, – дейди Одина Ҳайитова. – Жисмоний фаоллик барчага нафақат соғлом бўлиш, балки руҳий жиҳатдан ҳам куч беради. Шунинг учун турли оммавий спорт тадбирларида иштирок этишга ҳаракат қиламан. Менимча, ҳар бир инсон, айниқса, аёллар ўз саломатлигига эътибор қаратиши жуда муҳим. Келгусида спорт билан янада жиддийроқ шуғулланиш ва ўзим каби аёлларни ҳам фаол ҳаёт тарзига чорлаш ниятим бор.

Тадбир якунида мусобақа ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири