Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди томонидан тумандаги Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми биносида сайёр суд ҳамда ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.
Суд мажлисида Пробация назорати остида бўлган, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо муддатини ўтаётган 13 нафар шахс белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилгани ҳамда меҳнатга ҳалол муносабатда бўлгани инобатга олиниб, жазони ўташдан муддатидан олдин шартли озод этилди.

Шунингдек, сайёр суд мажлисида 41 нафар шахсга нисбатан 35 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилиб, уларга нисбатан суднинг якуний қарорлари сайёр суд мажлиси иштирокчилари гувоҳлигида эълон қилинди. Суднинг якуний қарори мазмун-моҳияти йиғилиш иштирокчиларига тушунтирилиб, жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жазо муқаррарлиги ҳамда ҳуқуқий оқибатлари тўғрисида маълумот берилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 14 октабрдаги “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.
***
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети битирувчилари учун “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди.

Меҳнат ярмаркасида вилоят ҳудудидаги йирик ишлаб чиқариш ташкилотлари, хусусан, “НКМК” АЖ, “Навоийуран” ДК, “Навоий ИЭС” АЖ, “Қизилқумцемент” АЖ, “Гидро станко сервис” МЧЖ корхоналари ва бошқа ташкилотлар ўзларининг бўш иш ўринлари билан иштирок этди.
Тадбир давомида корхона ва ташкилотлар вакиллари битирувчиларга ишлаб чиқариш жараёнлари, меҳнат шароитлари, мавжуд вакант лавозимлар, ишга қабул қилиш талаблари, касбий ривожланиш имкониятлари ҳамда ёш мутахассислар учун яратилган имтиёз ва шароитлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Ярмаркада барча факультетларнинг бакалавр ҳамда магистратура битирувчилари жалб этилди.
***
Кармана-Конимех ирригация тизими бошқармаси томонидан 2026-2027 йиллар кузги-қишки мавсумига тайёргарлик доирасида каналларни тозалаш ва гидротехник иншоотларни таъмирлаш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Мавсум давомида 56,4 км канални тозалаш, 49 та гидротехник иншоот ва 49 та гидропостни жорий таъмирлаш режалаштирилган. Шу кунга қадар 14,2 км канал тозаланиб, 12 та гидротехник иншоот ва 4 та гидропостда таъмирлаш ишлари бажарилди.
Жумладан, Навбаҳор ва Конимех туманларидаги экин майдонларини сув билан таъминловчи “Ўнг қирғоқ” туманлараро каналида ишлар жадал олиб борилмоқда. Каналнинг 11,2 км қисмини тозалаш режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар 5,17 км қисми махсус техника ёрдамида лойқадан тозаланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири