Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллигига
Мустақил тараққиёт йилларида, айниқса, кейинги беш- олти йил ичида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида асрларга татигулик ишлар амалга оширилди. Олиб борилаётган улуғвор ишларининг самарасида юртимиз обод бўлмоқда, халқимизнинг турмуш фаровонлиги яхшиланмоқда. Энг муҳими, қўлга киритаётган ютуқларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Бу албатта, ҳар бир юртдошимиз қалбига чексиз фахр-ифтихор туйғуларини муҳрлайди. Юрт кўрки-камолидан ғурурланиб яшаётган фуқароларимизда эзгулик, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига ҳурмат, юрт равнақи йўлида фидойи бўлиш туйғуларини мустаҳкамламоқда.
Таъкидлаш жоизки, улуғвор ишлар нафақат иқтисодиётда, балки маънавий, маданий ҳаётимизда ҳам бўй кўрсатмоқда. Буни шу кунларда Андижон шаҳрининг Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида амалга оширилаётган қурилиш, бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин.
Бугунги Андижон шаҳрининг кўркига айланган Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи қарийб бир асрлик тарихга эга. Ушбу истироҳат боғига 1933 йил 7 ноябрда асос солинган. Бир йил давом этган қурилиш ишларидан сўнг боғ 1935 йилда фойдаланишга топширилиб, Акмал Икромов номи билан аталган. 1941 йилда улуғ бобомиз Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги шарафига боққа унинг номи берилган.
1997 – 2000 йилларда боғда қурилиш, реконструкция ишлари олиб борилган бўлса-да, очиғи, бугунги кунга келиб, таъмирталаб ҳолатга келиб қолган эди. Қолаверса, ўтган йили ижтимоий тармоқларда боғ ҳудудига кўп қаватли уйлар, савдо мажмуалари қурилиши ҳақида тарқалган маълумотлар аҳоли ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. Ахоли дам оладиган, Андижоннинг кўркига айланган боғ номигагина қолса, деган уй-фикрлар кўпчиликни ташвишга солганди.
Бугун бу ҳадиклар унутилди. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг ташаббуси билан умумий майдони 12,5 гектар бўлган боғда кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилмоқда, боғ бутунлай янгича қиёфа касб этмоқда.
–Боғнинг кириш қисмидаги фаввора таъмирланди, атрофи махсус тошлар билан безалди, – дейди Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи мутахассиси Равшанбек Баҳромов. – Шунингдек, 2000 йили барпо этилган боғнинг арк-дарвозаси, Алишер Навоий ҳайкали таъмирланиб, ўзгача қиёфа касб этди. Умуман, боғдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари шу ойнинг охирига қадар якунланиб, энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Боғ ичидаги қарийб 200 метр узунликдаги фаввора мусиқа садоларига ҳамоҳанг товланадиган тарзда таъмирланмоқда. Қарийб 5 минг квадрат метр йўлакча ва майдонга брусчаткалар ётқизилди. Кўплаб замонавий ўриндиқлар ўрнатилди, 2 та биоҳожатхона барпо этилди.
Шу кунларда боғда ўндан ортиқ махсус техника воситалари, 200 нафарга яқин ишчи ва мутахассислар иш олиб бормоқда. Эски аттракционлар олиб ташланди, ўрнига яқин янги аттракционларни ўрнатиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Қурилиш, таъмирлаш ишлари жараёнида боғдаги мавжуд мингдан ортиқ манзарали дарахтларнинг бирортасига ҳам зарар етказилгани йўқ.
Жараёнда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Газонлар экилиб, яшил ҳудудлар барпо этилмоқда. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, яна 48 турдаги бир минг тупга яқин манзарали дарахт кўчатлари экилиши, гулзорлар барпо этилиши, суғориш тизимини тўла янгилаш белгиланган.
Айни кунларда Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ишчилари томонидан кўплаб турдаги гуллар экилмоқда.
–Нафақат ҳамшаҳарларимиз, балки шаҳримиз меҳмонлари келиб дам оладиган боғимизни ободонлаштириш ишларида қатнашаётганлигимдан фахрланаман, – дейди Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ишчиси Муҳиддин Усмонов. – Биз яратаётган гўзал манзаралар, ўтказаётган ноёб, ранг-барнг гуллар минглаб инсонларга завқ беришига ишонаман.
Боғ ҳудуди тунги вақтларда ҳам ёруғ ва чароғон бўлишини таъминлаш учун зарур ишлар олиб борилмоқда.
–Боғ ҳудудига 200 дан ортиқ махсус темир устунлар, шунингдек, замонавий, энергиятежамкор ёритиш чироқлари ўрнатилди, – дейди Андижон электр тармоқлари корхонаси Эски шаҳар бўлинмаси раҳбари Абдураҳмон Эрматов. – Бу тунги пайтларда боғ ҳудудининг ёруғлигини таъминлайди, ташриф буюрувчиларга қулайлик яратади.
“Андижон вилояти ягона буюртмачи инжениринг” давлат унитар корхонаси бош пудратчилигида андижонликларга хос шижоат, мардлик тимсоли сифатида боғ ҳудудида барпо этилган бургут ҳайкали, унга уйғунликда 2000 йилда қурилган 4 минг ўринли амфитеатр ва унинг саҳнаси атрофидаги ҳовузда ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
–Амфитеатрнинг том қисми тўла янгиланмоқда, – дейди қурилиш ишларини олиб бораётган “Минимал-истеъмолчи” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Муҳаммаджон Қодиров. – Шунингдек, амфитеатр ўриндиқлари таъмирланиб, бўялмоқда. Бундан ташқари, бургут ҳайкали таъмирланмоқда, амфитеатрни ўраб турувчи ҳовуз ости янгидан бетонланмоқда, атрофи эса бўялади.
Айни кунда бу ерда ўнга яқин турли техника воситалари, 60 нафарга яқин ишчи ва мутахассислар иш олиб бормоқда. Насиб этса, белгиланган ишлар ўз муддатида якунланади ва сифатли бажарилади.
Шунингдек, дам олувчиларга қулайлик яратиш мақсадида боғ ҳудудида замонавий кўринишга эга бир нечта кафе, салқин ичимликлар дўкони ҳам қурилмоқда.
–Шаҳримиз марказий маданият ва истироҳат боғида бўлаётган ўзгаришлар барча андижонликларни қувонтирмоқда, – дейди Андижон шаҳридаги Тўққизариқ маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси Воситхон Аҳматхонов. – Қисқа муддатда катта хажмдаги ишлар бажарилганлигига гувоҳ бўляпмиз. Ишонаманки, таъмирлаш ишлари якунлангач, боғимиз бутунлай янгича қиёфа касб этади, андижонликлар дам олиб, хордиқ чиқарадиган энг гавжум масканлардан бирига айланади.
[gallery-24737]
Бир сўз билан айтганда, ўзгача кўрк ва қиёфага эга бўлаётган Навоий боғи юртдошларимиз бўш вақтларини мазмунли ўтказадиган, айниқса, ота-оналар фарзандлари билан кўнгилли маданий дам оладиган сўлим масканга айланади. Ушбу гўша юрт ободлиги, халқимиз турмуш фаровонлиги юксалиб бораётганлигининг ёрқин ифодаси бўлади.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари