“Навбаҳор” мухлислари мавсумда янги рекорд ўрнатди
Футбол бўйича мамлакат миллий чемпионатининг Суперлигасида совринли ўринлар учун кураш олиб бораётган Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси 26-тур доирасида ўз майдонида ён қўшни – “Андижон” клубини қабул қилди.
Одатдагидек, ушбу Водий “дербиси” беллашуви ҳам ҳужумкор ва муросасиз руҳда кечди. Ўйин “дебюти”даёқ ташаббусга эга бўлган мезбонлар рақиб дарвозаси томон қатор хавфли вазиятларни вужудга келтиришди. Бу ҳамлаларни меҳмонлар посбони ва ҳимоячилари маҳорат билан бартараф этишди.

Иккинчи таймда ҳам ўйин тизгини ўз қўлига олган “Лочинлар” 58-дақиқада андижонликлар дарвозасини ишғол қилишди. Асадбек Раҳимжоновнинг ажойиб тўп узатишидан сўнг Ҳусайн Норчаевнинг узоқ масофадан йўллаган кучли зарбаси “рекашет” туфайли голга айланди.

Темур Кападзе шогирдлари 1:0 ҳисобидаги устунликни учрашув охиригача сақлаб қолишга эришди. Ғалабадан сўнг, “Навбаҳор” жамоаси очкосини 52 тага етказиб, учинчи ўриндаги мавқеини янада мустаҳкамлади.
Эътиборлиси шундаки, ўйинни Давлатобод туманидаги "Марказий" стадионида 23 минг 152 нафар мухлис бевосита стадиондан кузатиб борди. Бу кўрсаткич жорий мавсумдаги томошабинлар ташрифи бўйича наманганлик мухлисларнинг янги рекорди сифатида қайд этилди.
“Навбаҳор” жамоаси Суперлиганинг навбатдаги 27-турида 7 ноябрь куни Навоий шаҳрида маҳаллий “Қизилқум” клубининг меҳмони бўлади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири