ФОТОРЕПОРТАЖ
Маълумки, ҳар йили октябрь ойининг дастлабки 10 кунлигида бутун дунёда космос мавзусига бағишланган йирик тадбирлар ташкил этилади. Бу бежизга эмас, 1957 йил 4 октябрда собиқ иттифоқ энг биринчилардан бўлиб ўзининг сунъий йўлдошини коинотга учирган. 1967 йилнинг 10 октябрида эса АҚШ, Буюк Британия ва собиқ иттифоқ ўртасида айни йўналишда махсус шартнома имзоланган. Ушбу муҳим саналардан келиб чиқиб, 1999 йилда БМТ Бош Ассамблеяси “Бутунжаҳон космос ҳафталиги”ни нишонлаш тўғрисидаги резолюцияни имзолаган.
Қарийб 26 йилдан буён нишонланаётган мазкур сана ва у билан боғлиқ тадбирлар аҳоли, айниқса ёшларни космик йўналишда олиб борилаётган изланиш ва янгиликлар билан таништириб боради.
Космик тадқиқотлар ва технологиялар билан шуғулланиб келаётган “Ўзбеккосмос” агентлиги ташаббуси билан бу йил мамлакатимизда ҳам мазкур сана кенг миқёсида нишонланмоқда. Хусусан, “Бутунжаҳон космос ҳафталиги” доирасида Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида “Ўзбеккосмос” ва “NASA” агентликлари ҳамкорлигида “NASA Space Apps Challenge – 2025” ҳакатон тадбири ўтказилди. Унда космонавтика ва астрономияга қизиққан 200 нафардан зиёд ёш 50 дан ортиқ жамоа таркибида ўз билимини амалий синаш имконидан фойдаланди.
[gallery-25654]
Иштирокчилар маълумотларни қайта ишлаш, космик технологиялар ва STEM йўналишларда 19 та мавзу бўйича креатив лойиҳаларини ишлаб чиқди. Улар “NASA” агентлигининг энг долзарб муаммолари устида ишлаш орқали ўз истеъдодини намоён этиш, ижодий фикрлашни ривожлантириш, ноёб ғояларни ишлаб чиқиш ва янги ташаббусларни илгари суришга муваффақ бўлди.
Қайд этиш жоизки, “NASA Space Apps Challenge – 2025” танловида ҳар йили дунёнинг 160 дан ортиқ давлатидан 180 мингдан зиёд ёш иштирок этади. Мамлакатимиз эса мазкур ҳакатонда 4 йилдан буён фаоллик кўрсатади. Ҳозирга қадар мазкур ҳакатонда иштирок этган ўзбек ёшларидан таркиб топган жамоалар жаҳоннинг ТОП-50 талиги қаторига кирган.
Хулоса ўрнида айтганда, мазкур халқаро ҳакатоннинг асосий мақсади иқтидорли ва ташаббускор ўғил-қизларни саралаш, уларни қўллаб-қувватлаш, глобал мавзуларга нисбатан тўғри ва кенг фикрлашга имкон яратиш, ўзбек ёшларининг янги лойиҳаларини жаҳон майдонига олиб чиқишдан иборат.
Камола Юсупова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА