Наркожиноятчилик ва гиёҳвандлик — миллат генофондига таҳдид
Узоқ асрлар давомида инсоният тарихида ўчмас из қолдирган цивилизациялар ва карвон йўлларини бирлаштириб келган Самарқанд бугун ҳам Янги Ўзбекистоннинг улкан ташаббусларига мезбонлик қилишда давом этмоқда. Кўҳна ва боқий шаҳарда БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан ҳамкорликда “Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” мавзусида ўтказилган глобал форум Ўзбекистоннинг наркожиноятларга қарши курашишдаги қатъий позицияси ва бу йўлда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги янги ташаббусларининг амалий ифодаси бўлди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Интерпол, Европа Иттифоқи, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Жаҳон божхона ташкилоти каби 20 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилот, 50 га яқин давлат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбарлари, 500 га яқин халқаро эксперт ва соҳа мутахассислари иштирок этган ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистоннинг минтақадаги мураккаб геосиёсий жойлашувига қарамасдан, наркожиноятларга қарши курашишдаги қатъий қадамлари ва эришилаётган ижобий натижалари алоҳида эътироф этилди.
Мамлакатимизда сўнгги 10 йилда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш йўналишида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада янгича иш услубларининг амалиётга жорий этилиши ўз самарасини бермоқда. Ўтган нисбатан қисқа муддат ичида 22 та қонун ҳужжати қабул қилинди.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 6 майдаги “Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш орқали уларнинг аҳоли саломатлиги ва мамлакатимиз генофондига салбий таъсирини бартараф этиш стратегик чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан 2024–2028 йилларга мўлжалланган Миллий стратегия тасдиқланди.
Президентимиз 2025 йил 3 ноябрь куни миллат генофондини гиёҳвандликдан ҳимоя қилиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Унда йил бошидан буён 11 мингдан зиёд наркожиноят аниқланиб, 2,5 тоннага яқин гиёҳвандлик воситалари ушлангани қайд этилди. Шунингдек, соҳадаги салбий тенденциялар таҳлил қилиниб, психотроп ва синтетик моддаларнинг анъанавий наркотиклар ўрнини эгаллаётгани, улар асосан ёшлар орасида тарқалаётгани, синтетик наркотиклар яширин нарколабораторияларда тайёрланиб, интернет орқали контактсиз усулда тарқатилаётгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари ушбу долзарб масаланинг ўта муҳимлигини таъкидлаб: “Шу боис, миллий қонунчилигимизга мана шундай хавф-хатарларнинг олдини олиш, уларга қарши аёвсиз курашиш, бундай иллатни таг-томири билан йўқотишга қаратилган нормаларни киритиш вақти келди”, дея алоҳида қайд этдилар.
Ўша куниёқ “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон имзоланди. Мазкур ҳужжат гиёҳвандлик ва уюшган наркожиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.
Фармон билан “Гиёҳвандлик ва наркожиноятларни барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича 2025–2026 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар Миллий дастури” тасдиқланиб, унда 52 та устувор йўналиш белгиланди.
Республикада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида тезкор-қидирув фаолияти самарадорлиги сезиларли даражада ошди. Хусусан, 2025 йилда 15 412 та наркожиноят аниқланди. Синтетик гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган 14 та нарколаборатория ҳамда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қадоқлаш цехлари фош этилди.
13 170 та гиёҳвандлик савдосини тарғиб қилувчи интернет-наркодўконлар акс эттирилган “наркограффити” йўқ қилинди. Наркожиноят содир этган 11 049 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди. Ноқонуний муомаладаги 3 тонна 775 килограмм гиёҳвандлик воситалари йўқ қилинди. “Қора бозор”даги тахминий қиймати 14 миллион АҚШ долларига тенг 2 миллион 55 минг донадан ортиқ кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара этилди.
“Касални даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал”, деганларидек, профилактикага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар йили февраль ойида “Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш” комплекс тезкор-профилактик тадбири ўтказилмоқда.
Ушбу тадбир доирасида 2025 йилда таълим муассасалари ва корхоналарда 53 500 марта учрашув ўтказилиб, уларда 1,5 миллиондан ортиқ ёш иштирок этди. Шунингдек, 2 442 та спорт мусобақаси, 681 та тасвирий санъат кўрик-танлови, 361 та театрлаштирилган саҳна кўриниши ва 72 та марафон ташкил этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 27 январдаги йиғилишда бу борада давлат органлари фаолиятини танқид қилиб, наркотикка ружу қўйганлар, айниқса, ёшлар сони ортиб бораётгани жиддий хавотир уйғотаётганини таъкидладилар.
Бу иллатга қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида профилактик тадбирлар йил давомида уч босқичда ташкил этилиши белгиланди. Бу доирада уюшмаган ва ишсиз ёшларнинг 640 нафари бандлиги таъминланди.
“Қорадори – 2025” тадбири ҳам самарали натижа бермоқда. Унинг доирасида 1 381 та жиноят аниқланиб, 26 904 квадрат метр майдондаги гиёҳвандликка оид заҳарли ўсимликлар йўқ қилинди.
Шунингдек, “Хавфсиз ва соғлом юрт” тадбири доирасида 7 187 та наркожиноят фош этилиб, интернет орқали наркотик тарқатиш билан шуғулланган 243 нафар жиноий гуруҳ аъзоси қўлга олинди.
Ҳозирда тизимни рақамлаштириш, интернетда гиёҳвандлик воситалари тарқатилишини сунъий интеллект орқали аниқлаш ва блоклашга қаратилган дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Эксперт-криминалистика соҳаси ҳам такомиллаштирилмоқда.
Маълумки, наркожиноятлар чегара билмайди. Шу боис халқаро ҳамкорлик доирасида Россия, Тожикистон ва Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари билан 14 та қўшма тезкор-қидирув тадбири ўтказилди. Натижада трансмиллий жиноий гуруҳ таркибидаги 42 нафар шахс ушланиб, 237 килограмм гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинди.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда гиёҳвандликка қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш, балки тиббий, профилактик ва ижтимоий йўналишларни қамраб олган комплекс ёндашув асосида олиб борилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар аҳоли саломатлигини асраш ва миллат генофондини ҳимоя қилишдек улуғ мақсадга хизмат қилмоқда.
Ботир ҚУДРАТХЎЖАЕВ,
Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари